Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Азиз биродарлар, биз сиз билан биргаликда кичик уй гуруҳлари ҳақида кўп бора турли суҳбатлар уюштирдик. Бугун эса сиз азизлар билан яна бир бор кичик уй гуруҳлари ва жамоатлар ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Кичик уй жамоатларига асосланган гуруҳлар ҳақида ўрганмоқчи бўлсак, аввало Худонинг жамоати ўзи нималиги ҳақида билиб олишимиз керак. Дунёда ҳам турли жамоатлар мавжуд.
Жамоат деганда аввало бир неча одамларнинг бир ерда тўпланишини тушунишимиз керак. Биз кўпчилигимиз жамоат деганида бинони кўз олдимизга келтирамиз. Имонлилар йиғиладиган бинони ибодатхона деб айтамиз. Дунёвий инсонларнинг бир бинода тўпланиб, ўз ишларини режалаштирадиган жой эса ҳозирги замон тилида айтадиган бўлсак, идора ёки кўпинча офис деб юритилади. Раббимиз Исо Масиҳга эргашадиган биродарларнинг жамоати эса қандай? Албатта ушбу саволимизга Муқаддас каломдан жавоб топа оламиз. Азизлар, аслида каломда жамоат қандай тасвирланган? Имонли биродарларнинг жамоатини тўғри тушуниб олишимиз учун Муқаддас каломда тўртта ўхшатиш бериб ўтилади.
Келинг азиз биродарлар, шу тўртта ўхшатишга алоҳида тўхталиб ўтсак. Биринчиси, 1 Коринфияликларга 12 боб 12 оятда шундай ёзилган: “Бир баданда кўп узув бор. Баданнинг узувлари кўп бўлсада, улар бир баданни ташкил этади. Масиҳ жамоати ҳам шундайдир”. Азизлар, жамоат бир бадан экан, демак, имонли биродарлар унинг аъзолари бўлади. Иккинчиси — 1 Тимўтий 3 боб 15 оят. Ушбу оятда жамоатни бир оила деб айтади. “Худонинг хонадонида қандай ҳаракат қилиш лозим эканлигини сен билишинг лозим. Худонинг хонадони барҳаёт, Худонинг уммати, ҳақиқат устуни ва пойдеворидир”.
Азизлар, учинчиси эса 1 Бутрус 2 боб 4 ва 5 оятларида ёзилган: “Инсонлар кераксиз деб ташлаган, лекин Худо қимматбаҳо деб танлаган тирик тош, Раббимиз Исо Масиҳга яқинлашинглар. Ўзларингиз ҳам тирик тош бўлиб руҳий бино барпо этинглар”. Азиз биродарлар, тўртинчи ва энг охирги тўхталиш ҳақида айтмоқчи бўлганларимиз ҳам 1 Бутрус китобининг 2 боби 9 оятида келтириб ўтилади: “Аммо сизлар танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар”. Азизлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, жамоат бу фақатгина бино эмас, балки имонлиларнинг бирлашган қавмидир.
Кичик уй гуруҳлари эса худди шу катта жамоатлар каби Раббимиз Исо Масиҳга тегишли бўлган имонли биродарларнинг бирлашган жамоатидир. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда, сизлар билан хайрлашар эканмиз, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com албатта ушбу манзилимизга ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.