3:25

Руҳий ғалаба 268

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, келинг 1 Коринфияликларга мактубининг 16 боби 13 оятини ўқиш билан бугунги эшиттиришимизни бошласак: “Ҳушёр бўлинглар, имонда собит туринглар, жасоратли ва кучли бўлинглар”. Ушбу оят орқали Худованднинг Ўзи ҳар биримизга имонда мустаҳкам туришимизни буюряпти.

Демак, бу дегани биз Худованднинг каломига асосланиб мустаҳкамланиб боришимиз керак. Кўплаб коринфияликлар турли хил таълимотларга берилиб кетган эдилар. Улар юқоридан Худованд томонидан берилган ҳақиқатни ўзлари ўйлаб топган инсонавий фикрлар билан аралаштириб юборишган эди. Бунинг оқибатида жамоатларда турли қарашлар вужудга келган эди. Уларнинг бу қарашлари ўзларича тўғри бўлиб кўринар эди. Аслида эса Худованднинг ҳақиқатидан инсонавий фикрлар ўз устунлигига эришиб бораётган эди. 2 Бутрус китобининг 1 боби 20 ва 21 оятларида шундай ёзилган:

“Энг аввал шуни билингларки, пайғамбар китобларида учрайдиган башоратларнинг бирортаси ҳам бировнинг хусусий тасвирига боғлиқ эмас. Ҳеч бир пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу азиз одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар”. Коринфияликлар масиҳийликни фарзийларнинг фикрлари билан аралаштириб юборишган эди. Уларнинг катта хатоларидан бири ушбу нотўғри фикрларни ўз жамоатларига киришига йўл қўйишган эдилар.

Охир-оқибат шундай ҳолатлар юзага келган эдики, жамоатдаги йиғилишлар пайтида одамлар ўз ўринларидан туриб тўғри фикрларга қаршилик кўрсатиб, Раббимиз Исо Масиҳга ҳам ўзларининг қаршиликларини яшириб ўтиришмас эдилар. Азизлар, 1 Коринфияликларга мактубининг 12 боби 2 ва 3 оятларида шундай ёзилган: “Эсингиздами, сизлар бутпараст бўлган вақтингизда гунг бутларга сажда қилар ва жуда маҳлиё бўлар эдингизлар. Шунинг учун сизларга шуни билдиряпманки, Худонинг Руҳидан илҳом олаётган ҳеч ким Исога лаънат айтмайди, шунингдек, ҳеч ким Муқаддас Руҳ илҳомисиз Исони Раббим деб айта олмайди”.

Азиз биродарлар, ушбу ҳолатни кўрган ҳаворий Павлус нима қилди? Албатта уларга ниманидир ўргатиш ёки жамоат бошлиқларини қайтадан ўқитиб ўргатиш балки фойдаси бўлар эди. Ҳаворий Павлус уларга қарата бир гапни қайта ва қайта тайинлаган эди. Бу имонда мустаҳкам бўлинглар деган фикр эди. Исо Масиҳ бугунги кунда бизга ҳам худди шу нарсани айтмоқда. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди.

Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com ўз мактубларингизни ушбу манзилимизга юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча сиз азизлар билан хайрлашиб барчангизга саломатлик тилаб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top