3:34

Руҳий ғалаба 270

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азизлар, ўтган эшиттиришларимизнинг бирида ҳаворий Павлус ўзидаги камчиликлари билан курашганлиги ҳақида сизларга айтиб ўтган эдик. Ҳар бир масиҳий киши шунга ўхшаш жанглардан ўтиб тобланиши керак. Бундай курашда ҳеч қандай формула ёки қандайдир сеҳрли таёқча бизга ёрдам бермайди.

Ҳаворий Павлус бундай ғалабада ғолиб келиш ва гуноҳни енгиш жуда муҳимлигини ва фақатгина Раббимиз Исо Масиҳ бизга энг яқин кўмакдош бўлишини қайта ва қайта айтган эди. Лекин ҳали тўлиқ ғалабага эриша олмаган имонлилар бундай ҳолларда нима қилиши керак? Ҳаворий Павлус 1 Коринфияликларга мактубининг 16 боби 13 оятида шундай деган эди: “Ҳушёр бўлинглар, имонда собит туринглар, жасоратли ва кучли бўлинглар”. Ҳаворий Павлуснинг ушбу гаплари ҳар бир имонли учун катта куч бағишлаши аниқ.

Азизлар, коринфиялик имонлилар, айниқса ҳаворий Павлуснинг ушбу гапларига жуда муҳтож эдилар. Чунки улар эндиликда имонда анчагина сустлашиб қолишган эди. Улар танавий хоҳишга ўзларининг ҳаётларини бошқариши учун имконят берган эдилар. Энг қизиғи шундаки, танавий хоҳиш нимаики истаса, улар барчасига бўйсунар эдилар. Ҳаворий Павлуснинг юқорида айтганларини бир сўз билан ифода этадиган бўлсак, мустаҳкам бўлинглар деган маънони билдиради. Азизлар, инсон ўз кучи билан қанчалик тиришмасин, асло мустаҳкам бўла олмайди. Буни фақатгина Худованд амалга оширади.

Келинг азиз биродарлар, Муқаддас каломдан яна бир оятни ўқиб кўрамиз: “У Ўзининг улуғвор бойлиги билан сизларни куч-қудратли қилсин, Ўз Руҳи билан ички борлиғингизни бақувват қилсин”. Эфесликларга мактубининг 3 боби 16 ояти. Худованднинг олдида қанчалик камтарин ва очиқ бўлсак, Худованд Ўзининг куч ва қудрати орқали бизни шунчалик мустаҳкам ва имонда кучли бўлишимизни таъминлайди. Коринфияликлар ўзларини кучсизликларини билмаган ҳолда имонда мустаҳкам деб билишар эди. Шунинг учун ҳам ҳаворий Павлус уларга қарата ушбу оят орқали шуларни гапирган эди.

“Ким сени устун тутяпти? Худодан олмаган ниманг бор экан? Агар Ундан олган бўлсанг, нима учун Ундан олмагандек мақтаниб юрибсан?” Бошқача сўз билан ушбу гапни айтадиган бўлсак, “сизларни ўзингизни бошқалардан устун қўйишга нима мажбурлаяпти?” Агар сиз ўзингизни бошқалардан ажралиб турамиз деб ўйласангиз, билингки, Худованд сизларни шундай даражага кўтарган. Азизлар, ҳар бир инсон Худованднинг бошқарувида эканлигини асло ёдимиздан чиқармайлик. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтсам: www.najot.com ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Ўйлаймизки, ўзингизга фойдали бўлган барча маълумотларга эга бўласиз. Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top