3:22

Худонинг сўзи 188

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. Худованд билан инсон орасида ҳеч қандай араз бўлмаслиги керак. Одамзод гуноҳ қилди ва Худованд уларни жазолади, яъни жаннатдан ҳайдади. Бу гуноҳнинг эвази учун қилинган эди. Нима деб ўйлайсиз, азиз радио тингловчи биродарлар, мана шу бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Худованд одамзоддан хафа бўлиб аразладими?

Йўқ, агар Худованд одамдан аразлаганида, уларни қутқариш учун умуман ҳеч қандай ҳаракат қилмаган бўлар эди. Инсон минг уринмасин, ҳеч нарсани яна ортига қайтара олмайди. Ва ҳеч нарса яна бошидан бошланмайди. Азизлар, агар бошқача айтадиган бўлсак, “ўтган ишга саловат”. Лекин Худованд Ўзининг марҳаматини инсонлар учун яна бир бор кўрсатишни истайди. У одамзод билан ярашиб, яна барчаси аввалгидек бўлишини истаб, барчамизга Ўзи билан ярашиш имкониятини бермоқда.

Азизлар, агар Эски Аҳд китобини ўқиб кўрсак, одамлар ҳайвонларни сўйиб, шу тўкилган ҳайвонларнинг қони эвазига ўз гуноҳлари учун кечирим олар эди. Аслида қурбон бўлган ҳайвон ҳеч қандай рол ўйнамас эди. Унинг тўккан қони ва кимдир учун қурбон бўлганлиги муҳимроқ эди. Гуноҳ Худованднинг кўз ўнгида шунчалик жиддий нарсаки, у учун фақат тавба қилишнинг ўзи етарли эмас, гуноҳнинг кечирилиши учун яна кимдир шу гуноҳни сотиб олиши керак. Ҳайвоннинг қурбон бўлиши эса, гуноҳкорнинг ўрнига тўланган тўлов эди. Шу тўлов Худованд билан ярашиш учун йўл очиб берар эди.

Эски Аҳд китобининг Левийлар китоби 17 боби 11 оятида шундай ёзилган: “Зотан жонзоднинг жони уни Қонидадир. Мен Қонни қурбонгоҳ устида чиқаришингиз учун ва шу йўсин гуноҳларингиздан покланишингиз учун берганман. Жонни билдирувчи бу Қон сизларни гуноҳларингиздан поклайди”. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, эндиликда эса ҳайвонларни сўйиб қурбонлик келтиришнинг асло ҳожати йўқ. Бунинг сабабини ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз зарур. Чунки Раббимиз Исо Масиҳ ер юзига айнан қурбонлик қўзиси сифатида келди. У барча одамзоднинг гуноҳлари учун бир маротаба хочда ўзини қурбон қилди.

У айнан шу доимо сўйиб қурбон бўлаётган ҳайвонларнинг ўрнига бир марта қурбон бўлди. Энди ҳеч қандай ҳайвонларнинг қони керак эмас. Энди Исо Масиҳ одамларнинг қутқарилиши учун Ўзини қурбон қилиб муқаддас қонини тўкканига ишониб тавба қилиш ва Исо Масиҳ билан бирга яшаш керак холос. Келинг азиз тингловчи, Унга ўз ҳаётимизни топширайлик. У ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун тўлиқ жавобгардир. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва форумда иштирок этиб, ўз фикрларингизни билдиринг . Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top