Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлар орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. “Чунки ер юзида ҳар доим камбағаллар бўлади, шунинг учун сизларга буюраман, қийналган биродарингиз ва муҳтожга қўлингиз очиқ бўлсин”. Қонунлар китобининг 15 боби 11 ояти. Азиз биродарлар, ер юзида жуда кўплаб камбағал инсонлар бор. Кўплаб одамлар тиланчилик қиладилар, чунки улар озиқ-овқат сотиб олишлари учун имкониятлари йўқ. Албатта шундай инсонларни кўрганимизда юрагимиз ачишади ва уларнинг ҳар бирига ёрдам қўлини чўзгимиз келади.
Агарда кўчага чиқсангиз, бир кунда бир нечта шунга ўхшаш одамларга кўзингиз тушуши аниқ. Албатта, қўлимиздан келганича уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, лекин барча камбағал одамларга ёрдам беришнинг имкони бўлмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир олдимиздан чиққан ҳар бир тиламчи инсонга ёрдам бераверсак, тез кунларда ўзимиз ҳам уларнинг қаторидан жой олишимизга тўғри келади. Азиз радио тингловчи биродарлар, менимча, камбағал одамга ёрдам беришни истаган биродарларимиз ўзларига яқин жойдан бошлаганлари маъқул.
Масалан, маҳалладаги ёки қўни-қўшни, ён атрофимиздаги камбағал инсонларга ёрдам қўлини чўзишимиз мумкин. Камбағал инсонларга фақатгина пул билан ёрдам берилмайди. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз, азиз радио тингловчи. Масалан, маҳалладаги камбағал инсонларга озиқ-овқат сотиб олиб бериш мумкин. Бундан ташқари агарда уй-жойлари бўлса, айрим коммунал хизматлари учун маълум даражада пул тўлаб ҳам ёрдам бериш мумкин. Бундан ташқари ўзимиз яшайдиган жойларда имонли биродарлар ҳам бор. Уларнинг ҳам ҳолидан хабар олиб туриш ёдимиздан чиқмаслиги керак.
Агарда биз яшаб турган районда ибодатхоналар бўлса, уларнинг ҳам муҳтожликларидан хабар олиш керак. Ҳатто бошқа давлатларда яшайдиган биродарларимиз учун ҳам ёрдам қўлини чўзишимиз мумкин. Чунки бутун дунёдаги имонлилар бир-бирлари билан опа-сингил, ака-укадек бўлиб яшашлари керак. Худованднинг энг катта истаги, инсонлар бир-бирларига меҳрибон бўлишидир ва бир-бирларига севги-муҳаббат кўрсатишларидир. Азиз биродарлар, биз имонли биродарлар камбағалларга ёрдам қўлини чўзар эканмиз, уларнинг руҳий камбағал эканликларини ҳам ёдимиздан чиқармайлик.
Азизлар, камбағал инсонларга ёрдам бериб, биз Раббимиз Исо Масиҳдек йўл тутган бўламиз. Азиз ота-оналар, болаларимизга ҳам ёшлигидан камбағалларга ва муҳтожларига ёрдам бериш қанчалик муҳимлигини ўргатиб боришимиз керак. Шунинг билан азиз биродарлар, эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азиз радио тингловчи биродарлар, ушбу мавзу бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларингизни албатта бизга ёзиб юборинг. Яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.