Ассалому алайкум “Дилкаш” радиомизнинг азиз мухлислари. Сиз азиз биродарларимиз билан яна соғ-омон тўлқинларимиз орқали учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Радио тўлқинларида сиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Марҳамат тингланг. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали бир баҳсли савол билан иштирок этмоқчи эдим. Ўйлайманки, саволни эшитгандан сўнг кўп нарса ойдинлашади. Диққат — савол. Агар инсон масиҳий бўла туриб урушқоқ бўлса, у аввал ваъда қилинганидек жаннатга борадими ёки йўқми?
Аввало ҳар бир тавба қилиб ўз ҳаётини Худога топширган киши жаннатга боради. Барча инсонлар каби масиҳий инсонлар ҳам айрим пайтларда ким биландир урушиб қолиши мумкин, кимнидир хафа қилиши мумкин. Ўйлайманки, шунга ўхшаш масиҳийларга хос бўлмаган ишлар учун бизга жаннатнинг эшиги томоман ёпилмайди. Азиз радио тингловчи, шошилманг, мен бошловчи бўла туриб: “гуноҳ қилаверинг, барибир жаннатга кираверасиз”, деб айтмадим. Биз инсонларнинг қонимизда Отам Ато билан Момо Ҳавонинг қони оқмоқда. Демак, биз гуноҳкор эдик ва Худованд бизга кечирим берди.
Инсон доимо гуноҳ қилади. Лекин масиҳий инсонлар гуноҳ қилишдан ўзларини сақлашлари керак. Шунга қарамай, барибир гуноҳ қилмасликни иложи йўқ. Шунинг учун ҳам бизнинг Раббимиз Исо Масиҳ бор. У биз инсонларнинг келажак гуноҳларимиз учун ҳам Ўзини қурбон қилган эди. Албатта Худованд кечиримли Худо. Шундай бўлгани учун биз масиҳий инсонлар гуноҳ қилишда давом этишимиз керакми? Асло, биз масиҳийларнинг ҳаётлари бошқалардан ажралиб туриши керак. Бизнинг яшаш тарзимизни кўрган инсонлар Худованд бизни қандай ўзгартирганини кўришлари керак.
Худованд мени кечиради, деб гуноҳ қилишда давом этиш асло ярамайди. Шундай деб ўйлайдиган инсонлар жаннат ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Кичкина бир мисол келтириб ўтсам. Айтайлик, кимдир эрталаб машинасига ўтириб яхши кайфият билан ишга кетяпти. Бирданига автоҳалокатга учради. Машина қараб бўлмас даражада ғижимланиб кетди. Нима деб ўйлайсиз азиз биродарлар, шу инсон агар автоҳалокат бўлишини олдиндан билганида, машинага ўтириб ишга борармиди? Ўйлайманки, албатта йўқ.Ўйлайманки, ушбу шофёр бироз бўлган воқеадан хафа бўлади, лекин у оиласидан ва яхши кўрган ишидан айрилмайди, энг муҳими, у тирик қолди. Шунга ўхшаб азизлар, Худованд кечиримли Худо.
Лекин Уни ўзимизнинг нотўғри ишларимиз билан хафа қилиш асло ярамайди. Агар биз ҳақиқатдан Худовандни севсак, Уни хафа қилмаслигимиз керак. Шунда жаннатнинг эшиклари барчамиз учун очиқ бўлади. Шунинг билан азиз тингловчи, эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Азиз тингловчи, ушбу мавзу ҳақидаги фикрингизни dilkash@najot.com электрон почтамизга ёзиб юборинг. Албатта сизларнинг фикрингиз бизлар учун жуда муҳим. Ҳозирча эса сизлар билан хайрлашиб, оилангизга тинчлик-хотиржамлик тиламоқчиман. Омон бўлинглар.