Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар, сиз азизлар билан яна соғ- саломат радомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, тўғриси мен масиҳий бўлиб ҳали-ҳалигача бир нарсага жуда ҳайрон қоламан. Яъни Худованднинг биз инсонларни шунчалик сева олганига. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, агар фарзандингиз сизни бошқалар олдида уялтириб қўйса, нима қилган бўлардингиз?
Албатта унга нисбатан жаҳлингиз чиқади ва ҳатто қаттиқ жазолайсиз ҳам. Лекин барибир у сизнинг фарзандингиз. Шунинг учун ҳам шу қилган ножўя иши учун ундан воз кечиб кета олмайсиз. Шунинг учун ҳам фарзанд орадан вақт ўтиб ўзининг ножўя ишини, яъни қулоқсизлигини яна давом эттираверади. Худованд ҳам бизнинг камчиликларимизга қарамай бизни ҳар биримизни алоҳида севади. Инсон Худога қарши қанчалик гуноҳ қилди ва ҳозиргача Худовандга итоатсизлик қилиб яшаб келмоқда.
Лекин Худованд бизни севишда давом этмоқда. Биз инсонлар Худованднинг айтганларига асло қулоқ тутмадик ва шунинг учун ҳам шайтоннинг қуллигига тушиб қолдик. Худованд эса бизни шайтоннинг қуллигидан қутқариб олиш учун Ўзининг режасини амалга оширишга киришди. Шайтондан тортиб олиш учун унга катта миқдорда тўлов тўланиши керак эди. Шунда Худованд айтдики, “мана шу барча инсонлар учун Ўзимнинг ягона Ўғлимни қурбон қиламан. У ўлади ва инсонлар Менга қайтиб келишади” деб. Худди шундай ҳам бўлди.
Раббимиз Исо Масиҳ хочда азобли ўлимни Ўз танасида синаб кўрди. У ўлди ва уч кундан сўнг қайта тирилди. Лекин кўплаб инсонлар ушбу ўлим айнан уларнинг нажоти учун содир бўлганлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Ҳозирга қадар шайтоннинг қуллиги остида юришибди. Аслида Худованд биз инсонларда қутқарилишимиз учун арзийдиган ҳеч нарса кўрмади. Лекин У барибир инсонни қутқариш учун Ўзининг ягона ўғлидан воз кечди. Уни хочга олиб бориб оёқ қўлларини михлаб ташлади. Худованднинг севгиси бу ҳақиқий севги ва арзийдиган севги.
Худованд инсонларни севиб шунчалик ҳаракат қилишидан ягона мақсади бор. У хоҳлайдики, биз инсонлар ҳар қандай камчиликлардан холи бўлган ҳолда, вақти соати келиб Унинг ёнида тик тура олишимизни. Азиз радио тингловчи биродарлар, Худованд биз учун шунчалик ҳаракат қилиб нажот берди ва бизни ўлимдан қутқариб қолди. Биз масиҳий биродарлар Унга қандай миннатдорчилик билдиришимиз мумкин? Албатта аввало ўзимизнинг ҳақиқий масиҳийча ҳаётимиз, қолаверса Худовандга қилаётган чин хизматимиз орқали Унга миннатдорчилик билдирсак бўлади.
Аслида буларнинг бари денгизга томчи сувдек гап. Энг муҳими, Худованд билан бирга яшаб Уни исмини доимо улуғлашдир. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Сиз азизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини сизларга айтиб ўтсам: www.najot.com хайр саломат бўлинг.