MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, ўтган эшиттиришларимизнинг бирида Муқаддас каломдан Стефан ҳақида баъзи малумотларни сизларга етқазган эдик. Ваъда қилганимиздек бугун Стефан ҳақида яна баъзи қисқача маълумотларни сиз азизларга етқазмоқчимиз. Марҳамат тингланг. Стефан имонда кучли ва мустаҳкам бўлгани учун ҳам халқ орасида буюк ва ажойиб мўъжизалар кўрсатган.

Шунга кўра унинг касалларни шифолаганини тахмин қилишимиз мумкин. Унинг аниқ қандай мўъжизалар қилгани бизга маълум эмас. Муҳими у Раббимиз Исо Масиҳ учун жон-жаҳди билан хизмат қилган. Унинг қилаётган ишлари Олийруҳоний ва бир қанча уламоларга ёқмаган, бироқ халқ орасидаги обрўйидан қўрқиб, унга тегишга журъат қилолмаганлар. Бироқ эркинлар Синагогасидаги яҳудийлар Стефан билан баҳсга киришиб, баъзиларни унга қарши қайраганлар. Халқни қўзғаб уни Олий Кенгаш олдига олиб келишади. Олий Кенгаш эса уни сўроқ қилади.

Бундан кейин нима бўлганини эса ҳар биримиз яхши биламиз. Унинг жасоратига қойил қолмай иложимиз йўқ. У ҳам сиз-у биздай оддий одам эди, бироқ шунча шижоат, кучли имон, жасоратни қаердан олди экан?! У саводли ва ўқиган киши бўлгани аниқ, чунки Исо Масиҳ ва Эски Аҳд ҳақида жуда яхши биларди. Азиз биродарлар, Стефан оддий масиҳий бўлишига қарамай Раббимиз Исо Масиҳ учун чин юракдан хизмат қилди. Унинг имон йўлида ҳеч нарсадан қўрқмаслиги ҳар биримиз учун катта далда бўла олади. Азизлар, у ҳақиқатдан ҳам катта ҳурматга ва эътиборга лойиқ эди.

Баъзида бизнинг Худованд учун қилаётган хизматимизни биродарларимиз ёки жамоатимиз аъзолари унчалик ҳам назарига олмаслиги мумкин. Лекин кичкина хизмат ҳам агар чин юракдан ва ҳалол бўлса, доимо Раббимиз Исо Масиҳ томонидан қадрланади. Азиз биродарлар, Стефан ҳам Худовандга ажойиб хизмат қилди, лекин нима учун унинг ҳаёти шундай даҳшатли ўлим билан якунланди? Албатта биз ушбу саволга аниқ жавоб бера олмаймиз. Лекин шуни айтиб ўтишимиз керак, Худованд унинг ҳаётини ҳам бошқариб турган. Демак унинг қисқа, лекин самарали ва мазмунли хизмати шундай якун топиши керак эди.

Бундан ташқари ҳозирги кунда Стефаннинг қаҳрамонлиги барчамиз учун катта намунадир. Унинг баданига келиб теккан тошларнинг оғриғидан у азобланди, лекин Худованддан воз кечмади. У охиригача содиқ яшади. Ўзининг пок юрагини ва қалбини Худога ана шундай аҳволда топширди. Шунинг билан азиз биродарлар, Стефан ҳақидаги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com вақт топиб ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва ўзингизга керакли маълумотларга эга бўлинг. Ҳозирча эса хайр соғ-омон бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top