Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар учун яна “Дилкаш” радиоси ўзининг эшиттиришларини бошлайди. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азиз биродарлар, болаларга Хушхабар айтиш дегани, бу фақатгина Хушхабар гапириш дегани эмас. Болалар Хушхабари бу жуда катта меҳнатни талаб этади. Болалар Хушхабари бу битта мақсаддан ташкил топган. Бу мақсад, уларнинг эндигина бошланаётган ҳаётлари бутунлай Худога бағишланиши керак. Худовандга бағишланиш учун эса болалар билан кўп бора руҳий ишларни олиб боришимиз зарурдир.
Болалар ҳам биз катталар каби Худованднинг шон-шуҳрати учун яшашни ўрганишлари керак. Кўпчилик катта ёшда имонга келганлар билан суҳбатлашганимизда, улар болалигида имонга келмаганлигидан афсусланадилар. Чунки улар бола бўлган пайтларида ҳеч ким Раббимиз Исо Масиҳ ва Унинг абадий ҳаёти ҳақида уларга Хушхабар гапирмаган. Азиз биродарлар, Эски Аҳд китобларининг бирида шундай ёзилган: “Ёшлик чоғида сабр-тоқатни ўрганиш яхшидир”. Муқаддас каломдан кўплаб қаҳрамонларни кўришимиз мумкин.
Улар ёшлик чоғларида ўз ҳаётларини Худога бағишлаганлар. Довуд шоҳ Забур китобининг 70 боби 5 оятида шундай деб айтган эди: “Менинг умидим Сенсан-ку, ё Раббий, ёшлигимдан бери ишончимсан, эй Худованд”. Азиз биродарлар, тажриба ва ҳаёт шуни кўрсатадики, инсон имонга келиши учун энг яхши пайт, бу болалик давридир. Инсон болалик даврида ҳар томонлама ривожланиб, ўсиб-улғайиб бораётган пайти бўлади. Ёши маълум бир жойга етганда эса инсондаги ривожланиш тўхтайди. Азизлар, болалик даврни худди баҳор пайтидаги уруғ экиладиган юмшоқ ерга ўхшатишимиз мумкин.
Салгина вақт ўтса, ер қаттиқлашиб, эккан уруғимиз ривожланмай қолади. Йўқ, қаттиқ ерда ҳам маълум даражада уруғни ўстириш мумкин. Лекин бунинг учун боғбондан кўп меҳнат талаб этилади. Шундай экан азиз биродарлар, келинг болаларга Хушхабар айтиш ҳар биримизнинг вазифамизга айлансин. Ахир орадан арзимаган икки-уч йиллар ўтиб, болалар ҳам жамоатимизнинг етакчи ешларига айланади. Азиз биродарлар, фақатгина болалар учун эмас, ҳар бир инсон учун юрагимизда ачиниш ҳисси бўлсин. Ҳар бир инсонни кўрганимизда гўё ўз яқинларимиз каби улар билан Исо Масиҳни таништиришга шошилайлик. Ҳар бир юртдошларимиз учун Хушхабар етиб боришига жон куйдириб хизмат қилайлик.
Азизлар, болаларга Хушхабар айтиб, болалар гуруҳларини ташкил қилайлик. Жамоат фақатгина катта ёшдагилар учун эмас. Болалар жамоатлари ҳам Худованд учун жуда муҳим. Ахир Раббимизнинг Ўзи болалар ҳақида кўп бора ғамхўрлик қилди. Болаларни имонга олиб келиб, уларни келажакдаги кўплаб гуноҳлардан асраб қолиш мумкин. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумизга якун ясамоқчиман. Сизлар билан хайрлашишдан аввал ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.