Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, биз жангчилар учун керакли бўлган бу руҳий фактларни яхши биламиз, бундай хавфли урушда ўз душманимизни аниқлаб олгач, уни яқиндан ўрганишга киришишимиз лозим. Энг аввал, бош руҳий душманимиз шайтон ҳақида Худо Каломи нималар деганини батафсилроқ кўриб чиқсак.
“Шайтон” сўзи қадимий грекча сўз бўлиб, баъзан инсоннинг душманларига нисбатан ишлатилади, масалан, Забур китобининг 108 боби 6 оятида бу ҳақида шундай битилган: “Бундай одамнинг бошига фосиқни миндир, шайтон турсин унинг ўнг томонида”. Каломнинг бир парчасида бу сўз Валаамга қаршилик қилган Худо фариштасига нисбатан қўлланилган. Бироқ Таврот, Пайғамбарлар Китоблари ва Забурнинг қаерида учрамасин, бу сўз Худо, одамларнинг ва ҳар қандай эзгуликнинг энг катта илоҳий душманига нисбатан айтилади.
Шунингдек, Янги Аҳдда ҳам бу сўзни тез-тез учратишимиз мумкин. Шайтоннинг Янги Аҳдда кенг тарқалган исми “иблис” бўлиб, “туҳматчи” ёки “сохта айбловчи” деган маъноларни билдиради. Қуйида эса шайтоннинг Янги Аҳдда келадиган бир қанча исмларини келтирамиз: “Васвасачи” 1 Салоникаликларга мактуби 3 боб 5 оят. “Баалзабул” Матто Хушхабар китоби 12 боб 24 оят. “Маккор” Матто Хушхабар китоби 13 боб 19 оятидан то 38 оятигача бўлган жойда. Бундан ташқари “Бу дунёнинг ҳокими,” деб Юҳанно мактубининг 12 боби 31 оятида ёзилган. “Бу дунёнинг тангриси,” деб эса 2 Коринфликларга мактубининг 4 боби 4 оятида ёзилган.
Келинг, азиз радио тингловчи биродарлар, душманимиз ҳақидаги ушбу баъзи бир маълумотларни ёдимизда яхши сақлаб қолайлик. Чунки душманни яхши билсак, олдиндан ҳимояга ўтиш осонроқ бўлади. Ибтидо китобининг 3 боби 1 оятидан то 15 оятигача бўлган жойда Одам Ато ва Момо Ҳавони васвасага солган илон ҳақида ёзилган. Бу илон шайтоннинг айнан ўзгинаси эди. Тавротда, Пайғамбарлар Китобларида ва Забурда иккита парча мавжуд. Бу парчалар Муқаддас Китоб олимлари томонидан кўп йиллардан бери шайтоннинг илк ўрни ва бу ўринни у қандай қилиб йўқотганлиги ҳақидаги далил сифатида ўрганилиб келинмоқда.
Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги мавзу орқали шайтоннинг кимлигини кўриб чиқишга ҳаракат қилдик. Ўйлаймизки, унинг жирканчлилиги ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлдик. Бу эса ҳар биримизни масиҳийлик ҳаётимизда янада эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишимизга катта ёрдам бўлади, деб умид қиламиз. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, ушбу электрон почтамизга ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинглар.