3:15

Худонинг сўзи 202

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Ҳурматли радио тингловчи, сизга ваъда қилганимиздек, Бутрус ҳақидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Марҳамат тингланг. Ëдингиздами азиз тингловчи, Бутрусга “Раббимиз Исо Масиҳ тирилибди” деб хабар берганларида, унинг ўзи буни ўз кўзи билан кўриш учун қабрга қараб югурди.

Муқаддас Каломда ёзилганларига кўра, Масиҳ Бутрусни бошқача яхши кўрган дейиш мумкин. Унинг Бутрусга меҳри баланд бўлган. Исо Масиҳ тирилганидан кейин балиқ овлаб ўтирган Бутрусга, Фомага ва бошқа шогирдларга кўринган эди. Бутрус бошқа ҳаворийлар ва шогирдлар билан бирга Муқаддас Руҳни олгач, қудрат ва шижоат билан хизмат қилди. Бутруснинг ваъзидан кейин бир кунда уч минг одам имон келтирган. У ўзидаги кучли ишонч туфайли мўъжизалар ҳам қилган.

Бир куни Юҳанно билан бирга маъбаднинг Гўзал деган дарвозаси ёнида чўлоқ бир камбағални даволадилар. Азиз биродарлар, Бутруснинг оддий инсон бўлганини сизга айтиб ўтган эдик. Ушбу гапимиз билан айтмоқчимизки, Худованд Ўзининг Шоҳлиги учун истаган инсонини ишлатиши мумкин. Баъзида қулоғимизга чалиниб қолади: “Ҳа, бу биродар ҳеч қандай семинаряни тугатмаган ёки унда ҳеч қандай олий маълумот йўқ, шунинг учун у фалон хизматни яхши қилолмайди”, деган гаплар.

Азиз биродарлар, Бутрус мисолида кўришимиз мумкинки, Худованд Ўзи истаган биродарни истаган хизматида ишлата олади. Бутрусни ҳам Раббимиз Исо Масиҳ туфайли зиндонга ташлашган эди. Лекин барибир У Раббимиз Исо Масиҳга содиқ қолди. Унинг руҳи баъзан тушкун, баъзан кўтаринки бўлган бўлса ҳам, ҳеч қачон Масиҳга хизмат қилишни тўхтатиб қўймаган. Бутруснинг руҳий ҳаётини дарё тўлқинига ўхшатишимиз мумкин. У баъзида кўтарилиб, баъзида яна пасаярди. Исо Масиҳ осмонга кўтарилишидан олдин “имонинг туфайли азобга гирифтор бўласан”, — деб башорат қилган эди.

У то қаригунча Худога имон билан хизмат қилди. Тахминларга кўра, уни Рим императори Нерон қатл қилдирган. Ўлимидан уч йил олдин у иккинчи мактубини ёзган эди. Унинг мактублари ҳар биримиз учун катта далда бўла олади. У ўзининг мактублари орқали ҳар бир масиҳий инсонга тўғри йўл кўрсатган эди. У ўлимдан қочмаган, Исо Масиҳ учун хочда қатл қилинишни у ўзига шараф деб билган. Шунинг билан азиз биродарлар, Бутрус ҳақидаги эшиттиришимиз ҳам ўз якунига етди, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, ушбу электрон почтамизга ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборинг. Албатта сизларнинг мактубларингиз эътиборимиздан четда қолмайди. Ҳозирча хайр соғ-саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top