Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, Исо ҳаёт манбаидир. Ушбу ҳақиқатга сиз қандай қарайсиз? Келинг, бу ҳақда Каломда нима дейилганини кўриб чиқсак. Юҳанно хушхабарининг бешинчи бобида қуйидаги оятлар бор.
Ким Ўғилни ҳурмат қилмаса, Уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмаган бўлади.
Сизларга ростини айтай: Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эга бўлади. У ўлимдан ҳаётга ўтгани учун ҳукм қилинмайди. Сизларга ростини айтай: ўликлар Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади ва келиб қолди ҳам. Унинг овозини эшитганлар эса тирилиб кетадилар. Чунки Отанинг Ўзи ҳаёт манбаи бўлгани каби, Ўғлига ҳам ҳаёт манбаи бўлишни ато қилган. Ота ҳукм қилиш ваколатини ҳам Ўғлига берган, чунки У Инсон Ўғлидир. Бунга таажжубланмангиз, қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. Шунда ўликлар қабрдан чиқадилар; яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм қилиниш учун тириладилар». (Юҳанно 5)
Азизлар, сизчи, Исо Масиҳ хаётингизда қандай ишлар қиляпти? Сизнинг ҳаётингизда ҳам Исо ҳаёт манбаи кабими? Очиғини айтганда, бугунги ибодатимни айнан мана шу мавзуга, қолаверса, Исо ҳаётимиз манбаи бўлиши учун ибодат қилмоқчиман. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг, чунки биргаликда қилинган ибодат катта кучга эгадир.
Осмондаги Отамиз, бизнинг севикли Худойимиз, Сенинг муқаддас номинг улуғлансин. Гуноҳларимизни кечиргин ва бизга ҳам, кечиришни ўргатгин. Худойим, Сенга ибодат қилар эканмиз, демак, Исо Масиҳ ҳаётимиздан жой олган, демак биз энди Сен билан яқин муносабатдамиз. Ахир Раббимиз Исо Масиҳ айнан Сенинг Буюк Режанг эди, айнан мана шу севгинг туфайли У бизлар учун азоб чекиб ўлди. Худойим, шундай экан, Исо хаётимиз манбаи бўлсин. У хаётимизнинг булоғи бўлсин Отажон. Уни хурмат қилишни бизга ўргат, унга нафақат пайғамбар каби, балки нажоткоримиз ва Раббимиздек муносабатда бўлишни биз нодонларга ўргат. Отажон, қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, Исо ҳаётимиз манбаи эканини сира ёдимиздан чиқармайлик. Худойим, Сен бизни нақадар севишингни олам билиб тан олсин. Хаётимизни шу қадар ўзгартириб ташлагинки атрофдагилар Сен азизга шукроналар айтишсин. Отажон, бизга севишни ўргат, чунки Сен севги Худосисан. Сен бизга бўлган севгингни Исо Масиҳ орқали намойиш этиб буни исбодладинг. Худойим, Исо хаётимиз манбаи эканини одамларга кўрсат. Исо хаётимиз манбаи бўлганини инсонлар кўрсин, ушбу манбани кўриб улар ҳам биз каби ушбу ажойиб севгиндан бахраманд бўлишсин. Сенинг муқаддас номинг улуғлансин, сўнги нафасимизгача тик туришимизга Ўзинг кўмак бер. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.