MP3

Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, биз кўр одам ҳақида гапирганимизда, унинг кўзи ожиз, яъни ҳеч нарсани кўра олмайдиган одамни кўз олдимизга келтирамиз. Бу албатта дахшатдир, чунки ёруғликни кўролмаслик ҳатто ҳаёлга ҳам келтириш қийин. Лекин, бу жисмонан бўлган кўрликдир. Бундан ташқари яна руҳан кўрлик ҳам мавжуд. Афсус, бундай одамлар кўпчиликни ташкил этади. Улар ҳақиқатни кўриб турса ҳам, уни қалби кўр бўлгани учун қабул қилолмайди. Калом оятларида қалби кўрлик ҳақида кўпгина оятларни учратамиз. Улардан бирини, Юҳанно хушхабарининг тўққизничи бобида ҳам учратиш мумкин. Келинг, ундан кўраси шу оятни сизларга ўқиб берсам. “У одамнинг қувиб чиқарилганлигини Исо эшитди-ю, уни ахтариб топди. – Сен Худонинг Ўғлига ишонасанми? – деб сўради ундан. У одам Исога:

– Ҳазрат, – деди, – У кимдирки, мен Унга ишонсам?

– Сен Уни кўрдинг, мана сен билан гаплашаётган – Ўшанинг Ўзи, – деди Исо. Шунда у одам: – Ишонаман, ё Раббий, – деди-да, Исога сажда қилди. Исо: – Кўрлар кўрсин, кўзи очиқлар эса кўр бўлсин, деб Мен бу дунёни ҳукм қилгани келганман, – деди. Унинг атрофида баъзи фарзийлар турган эди. Улар бу гапни эшитгач: – Наҳотки бизлар ҳам кўр бўлсак? – деб сўрашди. Исо уларга деди: – Агар кўр бўлганингизда, гуноҳингиз бўлмас эди. Лекин сизлар „Кўзларимиз кўряпти”, деганингиз учун, гуноҳингиз ўз бўйнингизда қолади. (Юҳанно 9). Мана буни қалбан кўрлик деса бўлади. Бу оятда, фарзийлар ҳақида, уларнинг қалбан кўрлиги ҳақида гап кетяпти. Улар барча битикларни ёддан билишларига қарамасдан, у ердаги ҳақиқатларга ишонишмаган. Лекин, ушбу оятларда, Исо нафақат фарзийларни, балки бошқа одамларни, қолаверса атрофимиздаги қалбларни ҳам назарда тутиб айтиб ўтган. Азизлар, бугунги ибодатимни айнан мана шу мавзуга қаратишни мақсад қилдим. Яъни, қалбимиз кўр бўлиб қолмаслиги учун ибодат қиламан.

Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки биргаликда айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Худойим, берган нажотинг учун рахмат. Худойим, Сенинг севгинг ва нажотинг айнан ҳақиқатдадир. Ҳақиқатинг эса айнан хазрати Исонинг атрофида ой каби айланади. Худойим, қалби кўр бўлиб қолган барча дўстларимизу биродарларимизни кўзини очгин. Сенинг ҳақиқатинг уларнинг қоронғуликларини қуёш каби ёритиб ташласин. Худойим, ҳақиқатни била туриб, унинг ҳақиқат эканини кўриб туриб, уни кўрмасликка олишдан бизни Ўзинг асрагин. Сен ҳақиқатсан, чунки ҳақиқатинг бизни ўзгартириб келяпти. Ҳақиқатинг бизга озодлик берди. Ҳақиқатинг қалбимизнинг қоронғу бурчакларини ёритиб ташлади.

Ўғлинга, Унинг қилган ажойиб қурбонлигига бўлган ишончимиз ҳеч қачон сўнмасин. Қалбимиз кўр бўлмасдан, аксинча, қалбан кўрларга ёрдам беришни, уларга далда бўлишни фарзандларинга ўргат. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Сенинг муқаддас номинг доим муқаддас бўлсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top