Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Бугун мен Лола сизларга ажойиб рецептларни эътиборингизга ҳавола қиламан. Бугун сиз эшитадиган салатлар ва таомлар рецептини эслаб қолинг, чунки улар мазали ва саломатлигимиз учун жуда фойдалидир. Яқин йиллардан буён Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги оммага тўғри овқатланишга оид тушунтиришлар олиб бормоқда. Орамизда баъзилар қандай таомлар саломатлигимиз учун ножоиз эканини билсалар ҳам тановвул қилаверадилар. Бироқ соғлиғимиз учун фойдали бўлган таомларни тайёрлашни билиб олсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Қуйида мен сизларга ўқиб эшиттирадиган таом ва салатлар шифобахш таомлар сирасига киради. Демак бошладик. Имкон қадар рецептларни эслаб қолишга ҳаракат қилинг. Улгурсангиз ёзиб олишингиз ҳам мумкин.
Биринчиси «Баҳор» салати. Бунинг учун бизга 30гр салат барги, 20 гр редиска, 25 гр бодринг, 20 гр кўк пиёз, битта тухум ва 20 гр қаймоқ керак бўлади. Салат баргини қўлда йирикроқ тўғранг, бодринг ва редискани юпқа қилиб бўлакланг, кўк пиёзни ҳам майдалаб ҳамма масаллиқларни аралаштиринг. Идишга солиб устига қаймоқни қуйинг ва қайнатилган тухум билан безанг. Бу салат жуда мазали. Ундан ташқари у семизликда ёғ қатламларини бартараф қилиш ва организмда моддалар алмашинувини яхшилаш учун тавсия қилинади. Кейинги салатимизнинг номи «Дармондори». Бу салат учун 15 гр лавлаги, 25 гр карам, 20 гр савзи, 25 гр бодринг, 30 гр помидор, 15 гр кўк пиёз, бир оз петрушка, ўсимлик ёғи ва пичоқ учида лимон кислотаси керак бўлади. Барча сабзавотларни ювиб арчинг. Сўнг майда тўғраб аралаштиринг. Лимон кислотасини озгина сувда эритиб салат устига сачратиб сепинг. Бу салат қабзият билан боғлиқ сурункали ичак касалликларида тавсия қилинади.
Парҳездан мақсад ичак фаолиятини яхшилаш, организмни қабзиятдан келиб чиқадиган заҳарланишдан асраш ва ичак перистальтикасини меъёрлаштириш ҳисобланади. Ҳар бир аёл оладьи тайёрлашни билади. Аммо ҳозирги оладьи ҳам мазали ҳам шифобахш. Бу оладьи товуқ гўштидан тайёрланади. Бунинг учун 150 гр товуқ гўшти, 15 гр нон, 30 гр сут, битта тухум ва бир оз сариёғ керак бўлади. Гўштни қиймалагичдан чиқариб сутда бўктирилган нон билан яхшилаб мижғиланг ва яна қиймалагичдан ўтказинг. Устидан кўпиртирилган тухум, таъбга кўра туз солиб аралаштиринг. Товада ёғни қиздириб қиймадан ош қошиқда олиб, икки томонини қизартириб қовуринг. «Оладьи»лар картошка пюреси билан бирга тортилади. Бу пархез таом сурункали гастрит, энерит, колит, ошқозон ости бези ва жигар касалликларида тавсия этилади. Италянларнинг «Ризотто»сини Европада севиб истеъмол қилишади. Бугунги Ризотто эса товуқ жигаридан тайёрланади. Бунинг учун бир оз жигар, озгина гуруч, томат пастаси, сариёғ, пишлоқ, пиёз ва 100гр товуқ шўрваси керак бўлади. Товуқ жигарини майдалаб тўғранг ва пиёз билан бирга ёғда қовуринг. Гуручни ювиб, қуритинг сўнг бошқа товага солиб ёғда бир оз қовуринг. Устига эса товуқ шўрваси, бир чой қошиқ томат пастасини солиб қайнатинг. Гуруч сувни тортгач, идиш қопқоғини ёпиб духовкада 1 соат димланг. Димланган гуручни ярмини бошқа идишга солиб устидан қовурилган жигарни солинг. Қолган гуручни жигар устига солиб, бетига қирғичдан чиқарилган пишлоқни сепинг. Унга озроқ ёғ ҳам қўшинг. Сўнг яна 4-5 минутга духовкага қўйинг. Бу таом ўпка, суяк, лимфа тугунлари ва бўғимлар силида тавсия қилинади.