Ассалому алайкум. Ҳамиша сизларга ҳамсуҳбат бўлувчи Лола яна ихтиёрингизда. Биз сизлар билан ҳамма ёлғонлар ҳақида ҳам гаплаша олмаймиз. Бунга вақтимиз етмайди. Шайтон ёлғоннинг устаси, унинг ёлғонларини чеки йўқ. Менинг мақсадим эса аёллар орасида энг кўп тарқалган ёлғонларни кўриб чиқишдир. Аминманки айнан мана шу ёлғонлар кўпгина имонли аёлларнинг қулликка тушиб қолишларига сабаб бўлган. Албатта аёллар ҳамма ёлғонларга ҳам ишонавермайди. Биз суҳбатимизни давом эттирамиз, сиз эса ҳаётингизда қайси ёлғонларга ишониб қолганингизни топиб оласиз. Дастлаб«Йўқ, мен бу ёлғонга ишонмайман», — дейишингиз мумкин. Чунки шайтон кўзимизни кўр қилиб қўйган. Биз ўзимиз ишонган ёлғонни кўролмаймиз. Кўпчилик аёллар ҳақиқатга ишонаман, дейдилар-у, ҳаётда бунинг аксини кўрсатадилар.
Бизнинг ишончимиз сўзда эмас, амалда бўлиши керак. Биз ёлғонларнинг турларини кўриб чиқаётганимизда ҳар биримиз ўз-ўзимиздан «Мен ростдан ҳам шу ёлғонга ишонаманми? Мен шу ёлғонга ишонгандек, яшаяпманми?», деб сўрашимиз керак. Ëлғонларнинг баъзи турлари жуда хавфли бўлади. Чунки улар ярим ҳақиқат ёки очиқдан очиқ ёлғон бўлади. Ярим ҳақиқатлик ёлғонлар худди юз фоиз ёлғондек бизни қулликка олиб боради. Бизнинг руҳий ҳаётимиз Худо ҳақида қандай фикрда эканлигимизга боғлиқ. Шайтон бизни Худо ҳақида нотўғри ўйлашга ундайди. Агар биз Худони қаттиққўл ва қасоскор деб ўйласак, биз ҳам Унга шундай муносабатда бўламиз. Агар Худони меҳрибон, кечиримли деб ўйласак, биз ҳам Унга ўхшаш бўлишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг Худо ҳақидаги тасаввуримиз ишончимизнинг асосидир.
Агар Худо ҳақида нотўғри фикрда бўлсак, бошқа нарсаларга бўлган тасаввуримиз ҳам хато бўлади. Худони тушунишимиз ҳаётимизга таъсир этади. Баъзан биз Худо унчалик меҳрибон эмас, бўлмаса ундай қилган бўларди, бундай қилган бўларди, деган ёлғонга ишонамиз. Кўпчилигимиз ўзимиз билмаган ҳолда шундай ёлғонга ишонамиз. Очиқдан-очиқ Худо меҳрибон эмас, дея олмаймиз, чунки биламиз, Худо меҳрибон. Аммо юрагимизнинг туб-тубида мана шундай шубҳа ётади. Агар орангизда кимлардадир Худонинг меҳрибонлигига шубҳа қиладиганлар бўлса, бу фикрингиздан қайтиб, Ибтидо китобининг биринчи иккита бобини яхшилаб ўқиб чиқсин. Бу боблардан Худонинг нақадар меҳрибон ва саҳий эканини кўрасиз. У яратган ҳамма нарсалар инсоният учун эди.
Ҳаётда қийналган дамларимизда, яқинларимизни йўқотганимизда, режалаштирган ишларимиз барбод бўлганида, шайтон бизни шундай ўйлашга ундайди. «Мана қара, сен ишонган Худо меҳрибон эмас экан-ку. Агар У меҳрибон бўлганида сенинг ҳаётингда шундай воқеалар бўлмаган бўларди.» Мана шундай фикрлар бериб, Худо ҳақида ёлғон гапларга ишонтиришга ва шу орқали бизни қул қилиб олишга ҳаракат қилади. Биз Худонинг меҳрибонлигига шубҳа қила бошлашимиз билан, Худонинг иродасини инкор этиб, нима яхши-ю, нима ёмонлигини ўзимиз ҳал қиладиган бўламиз. Ҳаётимиздаги воқеалар ёмонлигига қарамай, Худованд меҳрибон. Биз буни сезамизми, йўқми, У барибир меҳрибон. Суҳбатимизни Забурдаги Худо ҳақида бир ҳақиқат билан якунлаймиз: «Сен яхшисан, яхшилик қилувчисан, Қонунларингни менга ўргатгин!»