Ассалому алайкум қадрдонлар. Кундалик ҳаётимиз давомида бошимиздан кўплаб ҳаёллар ўтади. Уларнинг қай бири ҳақиқат-у, қай бири ёлғонлиги ҳақида ўйлаб ўтирмаймиз. Биз шунчаки фикр қиламиз ва яшаймиз. Худо мени яхши кўрмайди, деган ёлғон аввалги Худо меҳрибон эмас, деган ёлғон билан боғлиқ. Ҳеч ким Худо мени яхши кўрмайди деб ташида айтмаса ҳам ичида шуни ҳис қилади. Онги билан Худо уни севишини билса ҳам, ҳис туйғуси бу билганига қаршилик қилади. Биз аёлларнинг муаммоси шундаки, билганларимиз билан ҳис қиладиганларимиз орасида катта жарлик бор. Биз ўз ҳаётимиздан келиб чиққан ҳолда хис қиламиз. Оилавий муносабатларимизга, эримизнинг совуққонлиги, ёки ота-онамизнинг хафа қилишларига қараб, ҳисларимиз «Балки Худо бутун дунёни севар, лекин мени севмайди» деб ҳайқиради.
Биз буни овоз чиқариб айтмасак ҳам ичимизда ўзимизни шундай ҳис қиламиз. Бу ҳақида фикр қиламиз, бунга бутунлай ишониб қолмасак ҳам, охир оқибат шу ёлғон билан яшай бошлаймиз. Бу ёлғон эса бизни қулликка солиб қўяди. «Худо мени севмайди» деган ёлғон жуда хавфли. У ҳаётимизнинг ҳар бир қисмига ўз таъсирини ўтказади. Биз онгимизга киришига йўл қўйган миттигина уруғ ўсиб, мўл-кўл ҳосил беради. Ҳақиқат шуки, Худованд бизни чиндан севади. Биз буни ҳис қилсак, қилмасак Худо бизни севади. У бизни ўтимишимизга, қандай одам бўлганимизга қарамай севади. У бизни чексиз муҳаббати билан севади. Мен кичиклигимдан Уни севганим учун ёки Унга муносиб бўлишга ҳаракат қилаётганим учун эмас, У севгучи бўлгани учун мени севади.
Унинг муҳаббати менинг яхши ишларимга, ҳаракатларимга боғлиқ эмас. Мен Унинг муҳаббатига лойиқ эмасман, ҳеч қачон лойиқ бўлолмайман. Сизларга бир аёлнинг воқеасини айтиб берай. Бу аёл кўкрак ракига чалинган. Жарроҳлик йўли билан шифокорлар унинг иккала кўкрагини ҳам олиб ташлашди. Жарроҳликдан сўнг эри биринчи марта унинг кўкрагидаги боғичларини олиб ташлаганида иккисининг ҳам кўзлари ёшга тўлди. У ўзини яланғочдек, энди бундан буёғига аёл эмасдек ҳис қилди. Бироқ эри уни бағрига босиб: «Азизам, сиқилма, худди Масиҳдек мен сени қандай бўлсанг, шундайлигингча севавераман» — деди. Бизда ҳам бизни еб тугатадиган гуноҳ раки бор. Бизда шундай рак борлигига қарамай, Худованд бизни севаверади.
Муқаддас Каломда шундай ҳақиқат бор: «Биз ҳали чорасиз бўлганимизда, белгиланган вақтда Масиҳ бетавфиқлар учун ўлди. Бировнинг солиҳ киши учун ўлиши эҳтимолдан узоқдир. Балки ҳимматли киши учун кимдир ўлимга боришга рози бўлар. Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир». Сиз ва мен ҳали Худога душман бўлган пайтимизда Худо бизни севган. Сиз ва мен Унинг душманлари ва жазосига муносиб эдик. Бироқ У бизни жазолаш ўрнига Ўз Ўғлини ўлимга юборди. Дунё яратилганидан бошлаб У мени севган ва севишда давом этади. У мени камроқ ёки кўпроқ севиши учун ҳеч нарса қилаолмайман. Эшитинг: «Мен аминманки, на ўлим ва на ҳаёт, на фаришталар ва на жин-ажиналар, на ҳозирги ва на келгуси ҳодисалар, на баландликлар ва на чуқурликлар ҳамда на яратилган бошқа бирон мавжудот Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмас.» Мен Лола бу ҳақиқатга ишонаман. Сиз ҳам ишонинг.