Бир аёл билан гаплашиб турибсиз, у ҳадеб ўзини ерга урадиган гапларни гапираверса, «бу аёл ўзини унчалик яхши кўрмаса керак», деб ўйлаймиз. Бугунги кунда кўпчилик аёллар ўзларига паст баҳо берадилар деб ўйлаш энг кўп тарқалган ёлғонлардан биридир. Профессионал руҳшунослар ўз қабулига келган мижозларга шундай ташхис қўйишади. Ота оналар болалари ҳақида шундай фикрга борадилар. Атрофимиздаги минглаб одамлар ўзлари ҳақида шундай фикрдалар. Бундай ёлғон учун битта даво бор: «Сен ўзингни севишни ўрганишинг керак». Кимдир ўзи ҳақида паст фикр билдираётган бўлса, дархол ўша киши ўзини севишни ўрганиши керак деган фикр билдирамиз. Бу нарса бугунги кунда оммабоп бўлиб қолган. Ҳатто футболкаларда ҳам шу ёзувни ўқиймиз: «Ўзингни сев».
Кўпчилик аёллар: «Мен ҳеч қачон ўзимни ёқтирмаганман», дейишади. Ëки бўлмаса бирор аёл ҳақида гап кетганда: «У ўзини яхши кўрмайди», деймиз. Бироқ Муқаддас Каломда ёзилишича, биз ўзимизни яхши кўрамиз, ҳатто ортиғи билан яхши кўрамиз. Исо Масиҳнинг: «Яқинингни ўзинг каби сев» деган амридан: «Демак биз аввал ўзимизни яхши кўришни ўрганишимиз керак экан-да», деган фикрга борманг. Бу амри билан Исо Масиҳ биз ўзимизга қанча эътибор қаратсак ва ўзимизга қанчалик ғамхўрлик қилсак, бошқаларга ҳам шунчалик эътибор қаратиб, ғамхўрлик қилишимиз керак деган маънони англатади. Тасаввур қилинг, агар тишингиз оғриса, дарҳол нима учун оғриётганини тахлил қиламиз. Оғриққа қарши дорилар ичамиз, тишимизни тозалаймиз, ва ҳокозо.
Агар ўзингизни яхши кўрмаган бўлганингизда оғриққа эътибор қилмаган бўлардингиз. Бироқ бошқа бировнинг тиши оғриётган бўлса, унинг азобларига нисбатан бепарво бўлиш жуда осон – чунки бу ўша кишининг муаммоси-да! Биз табиий равишда ўзимизни яхши кўрамиз, бироқ худди шундай табиийлик билан бошқаларни яхши кўрмаймиз.
Муқаддас Каломдаги Эфесликларга мактубида Павлус эрларга ўз хотинларини «ўз таналарини севгандек сев»ишларини буюради. «Шундай қилиб, эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч ким ҳеч вақт ўз танасини ёмон кўрмаган. Аксинча уни озиқлантириб, парвариш қилади.»
Биз ҳар доим ўзимиз ҳақимизда ўйлаймиз, бошқаларнинг бизга қилган ҳатти ҳаракатларини зийраклик билан илғаб оламиз ва уларнинг ҳаракатлари яхши ёки ёмонлигини тахлил қиламиз. Нега шундайлигини биласизми? Сабаби: «Мен ўзимни ёқтирмайман», деган ҳам орамиздаги ҳар бир аёл ҳам ўзини ҳаддан ортиқ яхши кўради. Бошқалар бизни қабул қилишларини, бизга мулойимроқ муносабатда бўлишларини истаймиз. Агар биз ўзимизни ёмон кўрганимизда бошқалар бизни рад этганларида бунчалик изтиробга тушмаган бўлардик. Муаммо шундаки, биз ўзимизни яхши кўришни ўрганишимиз шарт эмас, биз шундоқ ҳам ўзимизни керагидан ортиқ яхши кўрамиз. Биз ўзимизни яхши кўришни ўрганишимиз эмас, ўз хоҳиш истакларимизни рад этишни ўрганишимиз ва бунинг ўрнига Худонинг бизга бўлган чексиз муҳаббатини қабул қилиб, Унинг истагини ўз истагимиздан устун қўйишимиз лозим. Агар биз Худонинг бизга бўлган муҳаббатини қабул қилсак, ўзимизни бошқалар билан таққослашни бас қиламиз. Умуман ўзимиз ҳақимизда кўп ўйлашни тўхтатамиз. Бунинг ўрнига Худонинг муҳаббатини бошқаларга улашадиган бўламиз.