MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсонни гўзал қилиб турадиган нарсалардан бири бу сочдир. Худованд инсонга соч бериб, унинг ҳуснини тўлиқ қилиб яратган. Аммо орамизда сочи тўкилишидан азият чекадиганлар бор. Бу муаммо эркак ва аёлни бир хилда ташвишга солади. Хўш, сочлар нега тўкилади? Бунинг сабаблари турлича. Баъзиларда бу генетик сабаб ҳисобланади. Оиласида сочи эрта тўкилганлар бўлса, 25-30 ёшдаги йигитларда ҳам соч тўкилиши кузатилади. Баъзиларда соч пешонанинг тепа қисмидан бошлаб тўкилса, бошқаларда бошининг тепасидан тўкилиш бошланади. Соч тўкилишига сабаблар талайгина. Шифокорлар бунга сабаб қилиб, яллиғланиш касалликларини, аёлларда туғруқдан кейинги ҳолатни, ички аъзолар касалликларини, дори препаратларининг нохуш таъсирларини ва яна бошқа кўплаб ҳолатларни кўрсатишади.

Narrator 2 Сочлар кўпинча юқори ҳароратли иситма, титроқ билан кечадиган тумов, қизилча, зотилжамдан сўнг икки ойлар ўтгач тўкилиб бошлаши мумкин. Баъзи ҳолларда хавфли сурункали касалликлар сил, захм, оққондарди, ички секреция безлари – қалқонсимон ва ошқозон ости бези, гипофиз, тухумдонлар касалликлари организм ҳолатини кескин ўзгартириб юбориши мумкин. Бу эса тери, тирноқ ва сочга ўз таъсирини ўтказади. Асосий касаллик даволангандан кейин сочлар яхшилаб парвариш қилинса, улар ўз аслига қайтади. Кўп ҳолларда гормонал бузилишлар ҳам соч тўкилишига олиб келади. Сочлар соғлом бўлиши учун етишмаётган гормонлар ўрнини тўлдириш муҳимдир. Бунинг учун шифокор кўрсатмаси ва унинг тавсиясига амал қилиш зарур.

Narrator 1 Соч тўкилишининг кейинги асосий сабаби бу – стресс ҳолатлари. Асабийлик, сурункали зиқлик, тажанглик ва тушкунликларда ҳам соч жуда сийраклашиши мумкин. Бундай ҳолатлардан қутулиш учун шифокор кўмаги керак бўлади. Танада керакли дармондориларнинг, яъни витаминларнинг етишмаслиги ҳам соч тузилишига акс таъсир қилади. Шунинг учун, яхшиси мутахассис шифокордан сизга қандай витаминлар зарур эканлигини аниқ билиб олинг. Агар кишиларда соч тўп-тўп бўлиб тўкилса, бу оғир металлардан заҳарланиш белгиси бўлиши мумкин. Аёлларда соч тўкилишига механик босим ва соч толаларининг зўриқиши сабабли ҳам бўлади. Бунда сочга тақиладиган турли хил қисқичлар, тароқлар, ва бошқа безакли тақинчоқлар соч илдизига ва бош терисига зиён етказиб, соч тўкилишига олиб келади.

Narrator 2 Сочингиз жилокор ва узоқ вақт сиз билан қолишини истасангиз, соч парваришига эътибор қаратинг. Сов ювувчи шампунларни нотўғри танлаш, сунъий бўёқларни ишлатиш кабилар ҳам хавфли омиллар сарасига киради. Ўта танноз аёлларда соч сўрғичлари қуриб, соч ингичкалашиб тўкилиши кузатилади. Тиббий нуқтаи – назардан кунига 50-60 дона соч тўкилиши меъёрий ҳолат ҳисобланади. Соч тўкилишининг сабабларини аниқ билмасдан туриб, ўз билганича даволашга интилиш турли кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун даволанишни, албатта мутахассис малсаҳатисиз амалга оширманг. Шифокорга бориш билан бирга сочингиз илдизларини мустаҳкамлайдиган, уларни озиқлантирадиган халқона усуллардан фойдаланинг. Фақат уларнинг зарарсиз эканига амин бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top