3:13

Худо Марҳамати

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугунги гувоҳлигимиз орамизда сиз билан биз каби яшаб, Худовандга шукроналар келтираётган инсонларникидир. Уларнинг бу гувоҳлигига бир неча йил олдин ўзим гувоҳ бўлганман. Хуллас, бу оила Худованднинг марҳаматини доимо кўз ўнгиларида кўрадилар. Воқеа қандай бўлганини оила бекаси шундай эслайди: «Мен иккинчи фарзандимга ҳомиладор бўлганимда, Худовандга шукроналар айтдим. Тўққиз ойдан кейин, жуда ҳам чиройли, ширингина қизалоғимиз дунёга келди. Унинг туғилишидан ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Аммо унинг тез-тез касал бўлиши бизни ҳавотирга соларди. У ҳар гал касал бўлганида, турмуш ўртоғим билан бирга у учун ибодат қилардик. У бошқа болалар каби эмасди. У жуда ҳам нимжон бўлиб, тез-тез касалланарди. Бошқа чақалоқлар каби, рисоладагидек ўсиб, вазн орттирмаётгани шифокорларда шубҳа уйғотди.

Narrator 2 Биз шифокорларнинг кўрсатмаларига кўра уни турли текширувлардан ўтказдик. Ва охирида биз кутмаган хабарни олдик. «Туғма юрак етишмовчилиги». Қизимизнинг юрагида тешик бор экан. Мана шунинг учун ҳам у жуда нимжон ва тез-тез касалланарди. Бу хабарни эшитиб ўзимизни йўқотиб қўйдик. Ҳозир тиббиёт жуда ривожланган, бироқ бундан 15 йил олдин бу ҳасталикка эндигина жавоб топишаётган эди. Худди шу ҳасталик билан дунёдан кўз юмганларнинг бир нечтаси ҳақида эшитганмиз. Шунинг учун ҳам юрагимизни ҳовучлаб, Худовандга илтижо қилдик. Шаҳримиздаги тегишли касалхоналарга бориб,«Бу ҳасталикни жарроҳлик йўли билан тузатиш мумкинми?» , деб сўрадик. Улар натижасига жавоб бера олишмади. Энди умидимиз фақат Худодан эди.

Narrator 1 Чет элда бундай жарроҳликни осонгина қиладиган ва натижаси кутилгандан ҳам яхши бўлиши ҳақида эшитгандик, бироқ чет элга боришга ва бундай жарроҳлик амалиёти учун тўлашга бизда пул қаёқда дейсиз?! Мен ўқишни бир неча йил олдин тугатганман, оилада фақат хўжайинимнинг ойлигига чет элга бориш имконсиз эди. Бироқ биз учун имконсиз бўлган нарса Худованд учун имконсиз эмас экан. Буни билардик, бироқ худди шу ҳақиқатни ўз бошимиздан ўтказиб, бунга амин бўлдик. Бир неча ойлардан кейин бизга яқин танишларимиздан бири, бизга чет элда жарроҳлик амалиётини ўтказиш ҳақида хушҳабар етказди. «Қизингизни даволаш учун ҳамма тўловларни кимдир ўз бўйнига олди. Қизингиз билан сиз ҳам борасиз. Бориш келиш йўлкираси ҳам тайёр», — дейишди. Бунга ишониш қийин эди.

Narrator 2 Ва ниҳоят Худованд илтижоларимизни эшитиб, бизга чиқиш йўлини кўрсатганди. Бир ойдан сўнг, қизим билан чет элга учдик. У ерда баъзи даволаш муддатини ўтказиб, сўнг уни жарроҳлик амалиётига ётқизишди. Қизим билан жарроҳликдан сўнг ўз юртимизга қайтиб келдик. Унинг соғлиғи кундан кунга яхшиланиб борарди. Бир – икки йилдан сўнг, у мутлақо соппа-соғ бошқа қизлардек, бемалол мактабга бориб, югуриб ўйнайдиган бўлди. Бу биз учун Худонинг марҳамати эди. Худованд чиндан ҳам ўз фарзандларини ташвиш-у, муаммолар гирдобига ташлаб қўймайди. У албатта Ўз марҳамати ва муҳаббати билан Уларнинг илтижоларига қулоқ солади. Худованднинг марҳаматини мен ҳар куни кўз олдимда ўйнаб юрган қизимда кўраман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top