MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи дўстлар. Ҳаётимиз Яратувчимизнинг истагисиз мавжуд бўлмаган бўларди. Нафас олаётганимиз, хурсандчилигимиз ва ҳаётимиз давомида олган сабоқларимизнинг ҳаммасига У сабабчи. Шундай экан, ҳаёт давомида Уни инкор қилиб яшай олмаймиз. Уни инкор қилиб яшаган ҳаётимиз – ҳаёт деб аталишга лойиқ эмас. Усиз бу дунёда адашиб қоламиз. Қай томонга юришни билмай, бизга яхши кўринган йўлдан юрамиз. Бироқ унинг охири, биз ўйлаганчалик яхши бўлмаслиги мумкин. Шундай экан, ҳаётимиз давомида бирор бир ҳолатларда қарор чиқарар эканмиз, Худованддан ёрдам сўрашни одат қилиб олганимиз маъқул. Қарор чиқаришда энг қийин нарса, яхши билан ёмонни ажратиб олиш эмас, яхши билан аълодан бирини танлашдир. Олдингизда бир нечта яхши бўлиб кўринган имкониятлар бўлиши мумкин.

Narrator 2 Бироқ ҳаракатни улардан бирини танлашдан бошламанг. Қарор қилиш ва танлашдан олдин, Худовандга мурожаат қилинг. Унинг фикрини сўранг. Чунки олдимизда биз учун яхши бўлиб кўринаётган имкониятлар ҳам аслида яхши бўлмаслиги мумкин. Балки биз кўрмаётган, бироқ Худодан яширин бўлмаган яна бир ажойиб имконият бордир! Унинг олдига келиб шундай дейиш керак: «Худовандим, билганим шуки Сенинг ироданг бўлсин. Кейин натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, уни бошимдан кечиришим қандай бўлишига қарамай, Сенинг ироданг бўлсин. Мен ўзимни олдимда турган ҳолатларни имкониятлари билан Сенинг қўлингга топшираман. Иродангга бўйсунаман. Сен кўрсатган имконият қандай бўлмасин, уни қабул қиламан».

Narrator 1 Аввало шундай қарор қабул қилинг сўнг, Худованднинг иродасини қидиринг. Аммо юқоридаги каби, ўзингизни бутунлай Худованд иродасига топшириб, Унинг истагича иш тутишга қарор қилмасангиз, тахминан шундай деган бўласиз: «Худованд сенинг ироданг бўлсин, бироқ бу менинг ҳам иродамга қарши бормасин». Худованд фарзандлари учун икки сўз бирга келмайди. «Йўқ, Раббим». Бу жуда қизиқ. Агар У сизнинг Раббингиз бўлса, «Йўқ», демаслигингиз керак. Раббингиз экан, «йўқ» дейишга ҳаққингиз йўқ. «Йўқ» сўзини ишлатсангиз, «Раббим» сўзини ишлатманг. Чунки сиз чиндан ҳам Худовандни «Раббим» десангиз, Унга итоатли бўлишингиз керак. Исо Масиҳнинг ўша давр одамларига айтган сўзлари ёдингиздами?

Narrator 2 «Мени «Ë Раббий, ё Раббий» деб чақиргани билан ҳар бир одам Осмон Шоҳлигига киравермайди. Бунга осмондаги Отамнигн иродасини бажо келтирувчигина эришади.» Бу айнан биз учун айтилгандек. Биз Уни «Раббий» деб чақирамиз, Ундан қийин дамлардан ёрдам сўраймиз, У бизни қийинчиликдан олиб чиқади, бизга ҳотиржамлик ва шодлик ато этади, бироқ биз Унинг иродасини бажо келтиришга қўрқамиз. Унинг иродасини бажариш биз учун ҳаддан ташқари қийиндек, шундай қилсак, ҳотиржам ҳаётимиздан айриладигандек, туюлади. Агар чиндан ҳам Худовандни «Раббимиз» деб билсак, унда Унинг иродасига «Ҳа» деб жавоб беришимиз керак. Унинг иродасини бажо келтирсак, ҳаётимиз ўзгаради, ҳозиргидек бўлмайди. Бироқ ишончим комилки, ҳозиргидан яхшироқ ва баракалироқ бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top