Narrator 1 Ассалому алайкум. Икки ёш оилали бўлишга қарор қилганида ҳеч бирининг ҳаёлидан қачондир ажрашиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги фикр ўтмаса керак. Улар Яратувчи ва инсонлар гувоҳлигида турмуш қуришар экан, умрларининг охиригача бир-бирига кўмакдош, садоқатли бўлишга ва бир-бирини бахтли қилишга ваъда берадилар. Бизда чет эл кинолардаги каби меҳроб олдида бу ваъдани овоз чиқариб айтмасада, тўй томоша, йигит қизнинг бир-бирига розилигини айтишининг ўзиёқ, бу ваъдани англатади. Бир умр бирга бўлишга ва турмуш ўртоқларини бахтли қилишга ваъда берган бу ёшлар нега кўп ўтмай, ажрашишга қарор қилишади? Бунинг сабаби нимада? Бу ҳақида эркаклар оғзидан эшитамиз.
Narrator 2 Баъзи эркаклар шундай дейишади: «Рафиқам менга тамоман беэътибор. Худди ҳаётида менинг ўрним йўқдек. Бунга кўниколмайман. Фарзандларимиз тарбияси билан бўлиб, мени унутган. Оилада яхши ота-онамиз, лекин эр-хотин муносабатларида меҳр йўқ. Ўртада меҳр бўлмаса, бирга яшашдан нима фойда?» Бошқалари эса ажримга сабаб қилиб мана буларни кўрсатишади: «Оила аъзоларим билан умуман чиқишолмайди. Бўлар-бўлмасга талашиб-тортишаверади. Жанжални ўзи бошлаб, кейин «Ëнимни олмадингиз» деб менга жаҳл қилади. Ота-онамни ҳурмат қилмай қўйгани сабримни тугатди.» Рашкчи ва қизғанчиқ эрлар эса бу ҳақида шундай дейишади: «Телефонда кўп гаплашиши, доим интернетда ўтириши рашкимни келтиради. Танишларимдан у ҳақида ҳар хил гапларни эшитаяпман». Бундай эътирозга табиийки аёллар ҳам гап топиб беради.
Narrator 1 Балки келтириб ўтилган мисоллар бироз ошириб айтилгандир?! Бу ҳақида аёлни ҳам тинглаб кўриш керак. Ҳар икки томонни эшитсангиз, ҳар иккисининг гапида жон бор. Қарс бир қўлдан эмас, икки қўлдан чиққанини билиб оласиз. Бироқ оил ажрашиб кетмаслик учун нима қилиш керак? Ҳар қандай ҳолатда ҳам юқоридаги мисолларда ҳақиқат бор. Аёл энг биринчи ўринда аёллигини унутмаслиги керак. Муқаддас Китобда «Яхши хотин эрининг бойлигидир» деб ёзилган. Яхши хотин бўлиш осон эмас. Она бўлиш ҳам. Бироқ аёлларнинг ирсиятида фарзандларига кўпроқ эътибор қаратиш инстинкти мавжуд. Шунинг учун ҳам фарзандлар дунёга келгач, аёллар кўпроқ фарзандлари билан бўлиб қолишади. Бу унинг биринчи галдаги вазифаси ва «буни эрим тушунади »деб ўйлайди. Бироқ кўриб турибсизки, ундай эмас экан.
Narrator 2 Руҳшуносларнинг фикрича, эркак орзусидан аёлнинг орзулари ҳам қолишмас экан. Уларнинг фикрича, оилада аёл хато қилганида, эркак жаҳл отига минмасдан, секин-аста тушунтириши керак. Ишдан қайтишига севимли таомини тайёрлаб қўядиган аёл бу гапларни қабул қила олади. Эр хотини билан «ичимдагини» топ ўйинини ўйнамаслиги керак. Аёл эса эрининг кўнглига орасталик билан йўл топиши, аҳил яшашни истаган аёл норозилигини аччиқ сўзлар билан намойиш этмай, ширин сўз ва чиройи билан эрини муросага келтириши керак. Эр киши рўзғор ишлари, келинлик хизматларини оддий иш деб қарашидан ранжиманг. Бу ишларнинг нақадар оғирлигини эркак киши тушунмайди. Шундай экан, эрингиз сиздан нимани кутаётганини фаҳмлаб, шунга кўра иш тутинг.