Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугунги суҳбат мавзуимизни Кўчиб юрувчи Худованд деб атадик. Яқинда Муқаддас Каломдан бир неча боб ўқиб, анчадан бери ўз-ўзимга ва Худовандга бериб келаётган саволимга жавоб топдим. Келинг шу ҳақиқатни сиз билан бўлишай. Саволимнинг ва олган жавобимни айтишдан олдин, суҳбатимизнинг асосини ташкил қилувчи оятларни эътиборингизга ҳавола қилсам. «Акас ёғочидан сандиқ ясат. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак бўлсин. Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплат. Айланасига олтин гулчамбар қилдир. Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясатиб, тўртала оёғига маҳкамлат: иккита ҳалқа бир томонда, иккита ҳалқа иккинчи томонда бўлсин. Кейин акас ёғочидан хода ясатиб, ходаларни олтин билан қоплат.»
Narrator 2 Худованд Ўз халқи орасида бўлиши учун, Мусога Муқаддас Чодир яратишни буюрди. Муқаддас Чодирдаги ҳар бир нарса ва қисмлар руҳий маънога эга. Масалан аҳд сандиғи ва уни кўтариб юрадиган ходалар акация ёғочидан ясалган. Акация ёғочи энг мустаҳкам ва чиримайдиган ёғоч ҳисобланади. Олтин эса илоҳийлик белгиси. Ëғоч ва олтин биргаликда Исо Масиҳни ифодалайди. Муқаддас Каломда келтирилган маълумотга кўра, Аҳд сандиғи уч қатламдан иборат бўлган. Ташқи томондан ҳам, ички томондан ҳам олтин билан қопланган ўртаси эса акас ёғочидан ясалган. Ташқи томондаги олтин Ота Худонинг рамзи бўлса, унинг ички томони – акас ёғочидан қилинган қисми инсон даражасига тушган ва бизни Худо билан яраштирган Исо Масиҳнинг рамзи. Ички томондаги олтин эса Муқаддас Руҳнинг рамзи эди.
Narrator 1 Калом шундай дейди: «…улуғвор умидимизнинг мағзи – сизнинг ичингиздаги Масиҳ». Муқаддас Каломнинг Чодир қурилишига оид қисмини ўқир экансиз, тез-тез Аҳд Сандиғини кўтариб юрадиган ходалар ҳақида ўқийсиз. Бу ходалар Аҳд Сандиғини кўтариб юришга мўлжалланган энг тўғри келадиган кўчириб юриш воситаси эди. Аҳд Сандиғини Худо тайин этган хизматкорлар – Левийлар кўтариб юриши мумкин эди. Биласизми, нима учун Худонинг маъбади чодир кўринишида бўлган? Ҳа, мана шу менинг ўз-ўзимга ва Худога берган саволим эди. Доим ўйлардим, Нима учун шундай буюк Худованд чодир қуришни ва чодирда Ўз халқи билан учрашишни маъқул кўрган. Худованд Муқаддас Чодирни қандай қуришни, ипидан-игнасигача тушунтирди. Уни шундай қуришдики, ҳар бир детални ўрнатиш ва кейин яна бузмай, ажратиб олиш мумкин эди.
Narrator 2 Бунинг ҳаммаси бир мақсадда – Худованд Ўз халқи билан бирга кўчиб юриш учун қилинган эди. Худованд ҳалқи қаерда бўлса, ўша ерда бўлишни истаган. Халқ Муқаддас Чодирнинг қисмларини йиғиштириб, кўтариб юрар экан, Худованд ҳар доим, қаерга боришмасин, улар билан бирга эканлигини ҳис қиларди. Худованд шундай қилиб, Ўз халқи билан бирга, чўл бўйлаб кезди. Халқ қанча узоқ юрмасин, Худованд доимо улар билан бирга эди. Худованд нафақат чодир рамзида, балки булут устуни, оловли устун ичида улар билан бирга эканини яна бир бор таъкидларди. У халқ билан бирга саёҳат қиладиган ҳамроҳи эди. Кўрдингизми, Худованд қанчалик садоқатли ва меҳрибон.