Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Худованд жуда ажойиб ишлайди. Бизнинг назаримизда, У одатда фақат олийнасаб, солиҳ бир хонадон кишилари билан ишлаши керак. Аммо Муқаддас Каломни ўқиб қарасангиз, Худованд гуноҳкор инсонлар билан жуда кўп ишлаган. Бугун ҳам ғаройиб бир одам – Йифтоҳ ҳақида суҳбатлашамиз. Каломда ёзилишича у фоҳишанинг ўғли бўлган. Ҳа, бугун бўлиб келганидай, қадимда ҳам фоҳишалар бўлган. Йифтоҳ ана шундай фоҳишалардан бирининг ўғли эди. Келинг бу ҳақида Каломдан билиб оламиз: «Гиладлик Йифтоҳ довюрак жангчи эди. Унинг отаси Гилад, онаси эса фоҳиша бир аёл эди. Гиладнинг ўз хотинидан туғилган ўғиллари ҳам бор эди. Улар улғайгач, Йифтоҳга: — Отамиздан қолган меросга сенинг ҳеч қандай ҳақинг йўқ! Бор йўқол! Сен бошқа аёлнинг боласисан, — дея ҳайдаган эдилар» (Ҳак 11:1-3).
Narrator 2 Кўриб турганингиздай, Муқаддас Каломда ўта гуноҳкор деб саналган фоҳишанинг ўғли ҳақида ёзилган. Сизга маълумки, Худованд халқи учун ва Худованд учун муҳим бир иш қилмаган одамлар ҳақида Муқаддас Каломда ёзилмайди. Йифтоҳ ҳақида ёзишибдими, демак, у Худованд учун ажойиб иш қилган. Яна Калом уни «довюрак жангчи» деб таърифлаган. Онасининг фоҳиша эканлигини билган, доимо бошқа ака-укалари томонидан камситилган болакай, ўз кучини албатта бирор бир жойга йўналтириши керак. Бундай кишилар қалбида одатда аччиқ алам тўпланиб қолади. Балки унда ҳам шундай бўлгандир, бу ҳақида суҳбатимизнинг давомида эшитамиз. Кучлилик ва довюраклик бирга келган киши ажойиб жангчи бўлади. Одатда йўқотадиган нарсаси бўлмаган ва юрагида ҳаётдан алами кўп одамлар ҳеч нарсага қарамай, ўзини аямай жанг қилишади.
Narrator 1 Ундаги довюраклик мана шундан бўлса керак. Бу бизнинг тахминимиз ҳолос. Аниқ билиш учун яна Муқаддас Каломга юзланамиз: «Йифтоҳ ака-укаларидан қочиб,Тов юртига боган эди. Ўша ерда ўрнашиб олганидан сўнг, атрофига ярамас одамларни тўплаб, босқинчилик қила бошлаган эди. Орадан маълум вақт ўтгач, Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилди. Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилганида, Гилад оқсоқоллари Йифотҳни олиб келгани Тов юртига жўнадилар.» Кўрдингизми, Йифтоҳ болалигидан ҳар бир болага қилинадиган муносабат, меҳр кўриб ўсмаган. Юқорида айтганимиздек, ичидаги алам уни атрофига безориларни тўплаб, қароқчилик қилишга ундаган. Аммо бир нарса ҳам маълум бўлдики, унда бошқарувчилик қобилияти бўлган. У ўзига ўхшаш ёмон одамларни тўплаб уларга бош бўлганидан, буни билишимиз мумкин.
Narrator 2 Оқсоқоллар ундан Оммон ҳалқига қарши курашишда уларга раҳномолик қилишини сўрашди. Исроилда бошқа кучли жангчилар ҳам бўлган, бироқ Йифтоҳ уларнинг энг зўри бўлгани учун ҳам оқсоқоллар бош эгиб Йифтоҳнинг олдига келишди. Йифтоҳ уларга гина қилди. Чунки ўгай ака-укалари уни меросдан маҳрум қилиб, уйдан ҳайдаб юбораётган пайтда Гилад оқсоқоллари унинг фойдасига ҳеч иш қилишмаган. Бни ҳали унутмаган Йифтоҳ оқсоқолларга зарда қилди. Йифтоҳ ҳақида жуда кўп ёзишимиз мумкин, бироқ бизнинг вақтимиз чегараланган. Худованд шундай одамни қандай ишлатар экан, буни бизнинг кейинги суҳбатларимиздан ҳамда www.najot.com сайтимиздан билиб олишингиз мумкин.