MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун оилавий ҳаётда эр хотинларнинг бир-бирига жавобгарлиги ҳақида суҳбатлашамиз. Барчамиз Моцарт ҳақида эшитганмиз. Моцарт ҳақида ёзилган барча таржимаи ҳолларда унинг уйланиши ҳаётига зомин бўлган, деб ҳисоблайдилар. Масалан, Карл Кобальд қайд этишича, «Моцартнинг уйланиши оғир ҳаётга киришининг муқаддимаси бўлганди. Қашшоқлик билан тинка-мадорни қуритадиган кураш бошланди. Бу яшаб қолиш учун бой берилган кундалик кураш эди». Унинг икки ўғли бор эди. Хотини Констанца эр-хотинлик даврида олти марта ҳомиладорлик ва кўз ёришни бошдан ўтказганди. Тўнғич фарзанди бир неча ойлик бўлгач, ўлди. Кейинги йили иккинчи ўғил Томас туғилди. Оила бир ҳафталик чақалоқ билан Шулерштрассга, шинам уйга жойлашди. «Фигаронинг уйланиши» операси ўша гўшада ёзилган. Моцарт ва Констанца учун Венада ўтказилган тўрт йил энг бахтиёр лаҳзалар эди.

Narrator 2 Кейинчалик дунёга келган икки қизалоқ ҳам гўдаклигида нобуд бўлди. 1786 йилда дунёга келган ўғил ҳам туғилганидан бир ой ўтгач ўлган. Тўққиз йилда олти марта туғиш аёл чекига тушган оғир машаққат. Ўлган тўрт нафар бола ва чилпарчин бўлган орзу-умидларни айтмайсизми? Афтидан, Констанца эрини кун бўйи танқид қилишга тўла ҳақли эди. Айниқса, Моцартнинг охирги кунлари ниҳоятда машаққатли кечган. Констанца хаста ва оғир меҳнат туфайли бутунлай ҳолдан тойган эрини ишдан чалғитишга уринган. У ҳаво очиқ кунларда, Моцартни Пратер паркига олиб бориб, сайр қилдирарди. Нима бўлганда ҳам Констанца эрини ҳушдан кетиб қолгунча ишлатмасликка уринарди. У синглиси Софини болаларига ҳамда рўзғорига қарашга кўмаклашиш учун келишини сўради. 20 ноябрь куни Вольфганг омма олдида охирги марта чиқиш қилиб, сўнг ётиб қолди.

Narrator 1 Умри ниҳоясига етаётган бир вақтда яна кўчадилар. Сабаби оддий: маблағ етишмасди. Энди улар Венанинг бир чеккасига жойлашишади. Бир куни эса ўтин харид қилишга пул топилмади. Шунда исиниб олиш учун… рақсга тушишади. Эътибор беринг, бир бирларини танқид қилишмади, балки рақсга тушишди. Ваҳоланки, улар бир-бирларини айблашлари, бу ҳақорат даражасига етиши ҳам мумкин эди. Моцарт даҳо бўлган. Аммо эр-хотиндан фақат биттаси даҳо бўлса, оилавий ҳаётни бахтли қила оладими? Констанца оилани эплай олмайдиган эркакка турмушга чиққани турган гап. Моцартнинг номи хитоб билан тилга олинар, аммо ўзи ҳаёт кечириш учун пул ишлаб топишдан анча узоқ киши эди. Констанцанинг Вольфганг билан кечирган ҳар бир куни, бу — машаққатлар, қийинчиликлар, касаллик, ҳомиладорлик, эрининг иш билан ҳаддан зиёд машғул бўлгани ҳамда оиланинг оғир моддий аҳволидан иборат эди.

Narrator 2 Кичик шаҳардаги турли ғийбатларни айтмайсизми, кўҳна Венани-ку асти қўяверинг! Бундай шароитга чидаш учун бениҳоя кучли сабр-тоқатга эга бўлиш керак эди. Бешинчи декабрда умри тугаёзган мусиқачи учун шифокор чақиришди, аммо у ҳаддан зиёд кечикиб келди. Жон бераётган Моцартнинг ёнида чуқур қайғуга ботган умидсиз икки аёл — Констанца ҳамда унинг синглиси Софи турарди. Констанцанинг ўша оқшомдаги аҳволи тўғрисида ҳикоя қилишларича, у чўккалаб, ёрдам сўраб, Худога илтижо қилган. Агар сизни чин юракдан севиб қолишларини истасангиз, севимли одамга айланинг. Аммо суюкли киши бўлиш учун маънисиз танқиддан холи ва оилавий ҳаётга нисбатан ёлғон-яшиқ қарашлардан халос бўлишингиз керак. Ахир сиз атрофдаги олам ва одамларни Худо ато этган севиш қобилияти билан туғилгансиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top