Narrator 1 Ассалому алайкум оила беклари. Инсон ташқи қиёфасининг ўзига хослиги нафақат унинг такрорланмас шахсини балки ички оламининг гўзаллиги, жозибасини акс эттиради. Кимки ташқи кўриниши, ўзини тутиши, равон ва маъноли нутқи, ҳушмуомала феъли, меҳрибонлиги билан ўзининг яхши кўриниши, ижобий қиёфаси яъни имиджини ярата олса, шубҳасиз, омад эшикларини осонгина оча олади. Кишининг ўз қиёфасини яратишда энг муҳим нарсалар — ўз имкониятини яхши билиш, унга керакли баҳо бера олиш, муайян вазиятларда ўзини тута олиш ҳисобланади. Қуйида инсоннинг ташқи қиёфасини кўрсатишда муҳим бўлган кийиниш ва кийим танлаш хусусида мутахассислар томонидан эътироф этилган, кўп йиллик ҳаётий тажрибаларда синалган зарур маслаҳат ва тавсиялар билан таништириб ўтмоқчимиз. Мазкур маслаҳатларимиз асосан, бекларга мўлжалланган.
Narrator 2 Чунки қизлар ва аёллар йигитларнинг ана шу жиҳатига кўпроқ эътибор қаратишларини ҳисобга олиб, уларга кийиниш борасида тегишли хулосалар чиқариб олишларига ёрдам беради. Сиз шундай кийинингки, тартиблилик, покизалик, хатто кийинишингиздаги синчковлик сезилиб турсин. Қора рангли костюмни меҳмондорчиликка, байрамларга, никоҳ тўйларига борганингизда кийганингиз маъқул. Ишга, хизматга эса қандай ранглигида бўлишидан қатъи назар тўқ рангдаги кастюмингизни танланг. Кўйлагингизнинг ёқаси костюм ёқасидан бир сантиметргача чиқиб туришига эътибор беринг. Доимо костюмингизнинг чап чўнтагига рўмолча солиб юринг, аммо у ҳамиша тоза бўлиши керак. Костюм чўнтагига ҳеч қачон ручка, қалам, тароқ ва бошқа буюмларни солиб юрманг, чунки улар туртиб чиқиб қолади ёки сиёҳи оқиб, чиқмайдиган доғ қолдириши мумкин.
Narrator 1 Маъруза ўқиётганингизда, йиғилиш ва мажлисларда, меҳмондорчиликка бораётганингизда, театрга, ресторанга кираётганингизда костюмингиз тугмаларини қадаб олганингиз маьқул. Йигитлар ўзлари кияётган кўйлакка ҳам алоҳида эътибор қаратишлари керак, Энг аввало, кўйлак қоматингизга мос бўлсин. Турли жойларга турлича рангдаги кўйлакларни кийишлари мумкин. Аммо енги узун оқ кўйлак энг яхшиси. Агар кўйлагингизнинг чўнтаги бўлса, ундан фойдаланмаганингиз маъқул. Кўйлак манжети икки хил бўлади. Оддий манжет бир ёки икки тугмалиги бўлади. Французча манжет кўпроқ кишига башангроқ кўриниш беради. Кўйлакларнинг манжетлари костюмнинг енгидан кўриниб туриши, қўлингизни пастга тушириб, эркин турганингизда, бир сантиметргача чиқиб туриши лозим. Жиддий қиёфа берувчи костюм билан спорт кўйлагини кийманг. Яхшиси, оқ ёки ёрқин рангли кўйлак кийинг.
Narrator 2 Йигит кишининг ташқи кўринишида галстук ҳам ўзига хос ўринга эга. Бунда галстукнинг кўйлак ва костюмга мувофиқ танланиши муҳимдир. Бундан ташқари, галстук таққанда фасллар ҳам инобатга олиниши керак. Қишда тўқ рангли, ёзда очиқ ва ёрқин рангли галстук тақилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, ҳамиша қайси кастюмингизни кийишингизга кўра, кўйлак ва галстук рангларини бир-бирига мос тушишига эътибор беринг. Эркакларнинг оёқ кийими турли жиҳатлари билан уларнинг жамиятда тутган ўрнини кўрсатади. Қора рангли туфли шубҳасиз, барча учун қулай ва бошқа кийимингизга мос тушади. Аммо фаслларнинг ўзгаришига қараб ҳам бошқа ранглардаги туфлиларни танлашингиз мумкин. Жигарранг оёқ кийимни қора костюм билан кийиб бўлмайди.