3:32

Шогирд орттириш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз мухлисларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Азизлар, эфирда “Дилкаш” радиоси. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, бугунги кундаги масиҳий жамоатлар, ҳатто кичик уй гуруҳларининг олдидаги энг асосий ва ўта муҳим бир вазифа бор. Келинг азиз мухлис, бугун айнан шу вазифа ҳақида суҳбатлашсак. Ушбу вазифа шогирдлик вазифасидир.

Айтишимиз мумкин, бугун кўплаб жамоатларда шогирд тайёрлаш ишлари яхши йўлга қўйилган. Лекин ҳамма жамоатларда эмас. Азизлар, агарда масиҳийлик тезроқ дунёга ёйилишини истасак, албатта буни ҳар биримиз истаймиз, кўпроқ шогирдлик билан шуғулланиш зарур экан. Ҳар бир масиҳий биродар шогирд орттириш ҳақида ўрганиши керак, шу билан бирга шогирд орттириш ҳақида ўрганганларини кундан-кун ўз ҳаётида юзага чиқариши зарурдир.

Шогирд орттириш дегани ўз шогирдини ҳаётини, вақтини ва диққатини шогирд билан бўладиган муносабатларга бағишлаш, у учун ибодат қилиш, унинг уйини, аҳволини, ишини билишдир. Шу билан бирга унга ўрнак бўлиш, ҳаёти билан қизиқиш, биргаликда Худога хизмат қилиш, меҳрибонлик билан уни муқаддас ҳаёт кечиришга ундашдир. Бироқ уни бошқариш ёки ўзига ўхшаш қилиш керак эмас. Шогирд орттириш шунчаки ҳақиқатларни ўргатиш ёки дарс ўтиш эмас. Бу хизматга юқорида айтилганларимизнинг бари киради. Устоз ўз шогирди билан учрашган пайтида нималар қилиши керак? Келинг шу ҳақида ҳам баъзи маълумотларни бериб ўтсак.

Ўқитувчи ўз шогирди билан тез-тез учрашиб, у билан ўтилаётган мавзуларнинг ҳар бир босқични ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бориши жуда зарурдир. Ўтилган мавзуларни ўз миясига жойлаган шогирд эса, доимо барчасини ўз ҳаётида қўллашга ўрганиши яхши натижа беради. Шогирд орттиришнинг ўзига яраша қийин ва осон жиҳатлари ҳам бор. Шунинг учун устоз ва шогирд бир-бири билан очиқча гаплашиб нималар осон ва қандай тушуниш қийин бўлган масалалар ҳақида гаплашишлари жуда зарур. Улар ўзларининг топган камчиликлари учун бирга бир-бири учун ибодат қилишлари керак. Устоз доимо яхши шогирд тайёрлашим керак деган мақсад билан иш бошлаши керак.

Асосан шогирд иккита нарсани билиб олиши керак. Яъни қандай қилиб Исода қолиш ва қандай қилиб самара беришни. Азиз радио тингловчи биродарлар, шу ўринда сизга Юҳанно мактубининг 15 боби 1оятидан 17 оятигача бўлган жойларни ўқиб чиқишингизни истар эдик. Ўйлаймизки, ушбу оятлар орқали ўзингизга кўп руҳий ёрдам оласиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, доимо ўз шогирдингизга эътиборли бўлсангиз, ва уни қандай руҳий тарбияласангиз, келажакда у ҳам шунга яраша ҳосил келтиради. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтсам. dilkash@najot.com Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top