Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан яна кичик уй жамоатлари ҳақида суҳбатлашсак. Етакчилик қилиш учун мутахассис ёки жамоа ходими, хизматчи ёки Худо каломини биладиган донишманд бўлиш шарт эмас. Энг муҳими, Худованд олдида юрагингиз тўғри бўлиши керак. Масалан, парчани бошқалардан кўра яхшироқ ёки кўпроқ билишингиз ҳам шарт эмас.
Агарда гуруҳ аъзоларидан кимдир сиз учун қийинлик қиладиган савол бериб қолса-чи? Унда нима қилиш керак? Шундай вазият бўлиб қолса, жавоб тополмаган саволингизни гуруҳдагилардан сўрашингиз мумкин. Бундай вазият аксинча гуруҳда ишлашингизни янада осонлаштиради. Худди шу саволни гуруҳ аъзоларига бериш мумкин. Агар жавоб топиш сиз учун дарҳақиқат мушкул бўлса, буни гуруҳингиз олдида тан олишдан тортинманг. Гуруҳдаги аъзолар ёрдами билан сизнинг ҳам тушуниш доирангиз кенгайиб боради.
Шунга ўхшаб, йиғинларда гапирувчи сўзга уста нотиқ бўлишингиз ҳам шарт эмас. Чунки, асосан, гуруҳ гапиради, сиз эса савол сўрайсиз-да, бу билан ҳаммани қатнашишга чорлайсиз. Муқаддас калом суҳбати учун саволлар тузишда моҳир савол тузувчи бўлишингиз ҳам шарт эмас. Бир неча Муқаддас каломни ўргатувчи ажойиб дарсликлар ёки қўлланмалар мавжуд. Бу китоблар шундай маҳоратга эга бўлган кишилар томонидан ёзилган. Албатта шундай қўлланмаларни топиб, улардан фойдаланишни яхшироқ ўрганиб олинг деб, маслаҳат берамиз.
Кўпчилик биродарлар “қандай қилиб гуруҳларни ташкил қиламиз?” деб тез-тез сўраб қолишади. Аввало ҳар бир ишни бошлашдан олдин Худонинг хоҳишини билишга одатланинг. Бундан ташқари ибодат орқали Худога ўз хоҳишингиз ҳақида айтиб, Худодан марҳамат сўранг. Шундан кейин ҳар қандай бошқа гуруҳларни ташкил қилингани каби, ҳамфикр ва улфат кишиларни топиб, улардан бир гуруҳ ташкил этамиз. Ўз оила аъзоларингиз билан ҳам кичкина гуруҳ ташкил қилишингиз мумкин. Кейин аста-секинлик билан бошқаларни ҳам ушбу гуруҳга таклиф қилса бўлади.
Албатта ҳозирги кунда ўзингиз таниб билмаган инсонни бирданига гуруҳга таклиф қилиш унчалик тўғри бўлмаса керак, деб ўйлаймиз. Биз бу гапни шароитдан келиб чиққан ҳолда гапиряпмиз. Кимларни гуруҳингизга таклиф қилишингизни ўйлаб кўринг ва шу инсонлар учун албатта ибодат қилинг. Балким, аллақачон кимларнидир назарда тутгандирсиз. Азиз биродар, шуни яхши тушуниш керак-ки, ҳеч нарса бирданига мукаммал бўлиб етилмайди. Ниманидир яратиш учун инсон кўп тер тўкишига тўғри келади. Сиздан талаб этиладигани эса — асло таслим бўлманг. Қачондир ўзингиз эккан уруғнинг ҳосили етилади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтмоқчи эдик: www.najot.com Албатта ушбу сайтимизга ташриф буюринг. Ҳозирча эса хайрлашиб, барчангизга омад тилаймиз.