3:30

Руҳий ғалаба 292

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомизнинг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдорман. Эшиттиришларимиз сизларга манзур бўлаётганидан жуда хурсандмиз, азиз радио тингловчилар. Кўпчилигимиз болалик пайтларимизда жин ва ажиналар ҳақида кўп бора эшитган бўлсак керак. Албатта жинлар ҳақидаги ҳикоялар қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар бир кишининг юрагида оз бўлса-да ўзига яраша қўрқинч ҳосил қилади.

Биргина жин ёки ажина деган сўзнинг ўзигина ҳар қандай кишининг этини жунжиктириб юборса ажаб эмас. Жинлар руҳий мавжудотлардир. Улар руҳ деб айтиладиган маҳлуқлардир. Бундан келиб чиқадики, улар танага эга эмаслар. Келинг азиз биродарлар, шу ўринда Матто Хушхабар китобининг 8 боби 16 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Кеч кириши билан, жинга чалинган бир талай кишини Исонинг олдига келтиришди. У сўз билан ёмон руҳларни қувиб чиқарди, дардга йўлиққанларнинг ҳаммасини соғайтирди”.

Жинлар маълум бир жойда бўладилар, улар бир вақтнинг ўзида ҳамма ерда ҳам бўлолмайдилар. Улар маълум бир вақтда маълум бир жойда бўладилар. Мисол келтирадиган бўлсак, жинлар Гергесалик икки кишининг танасида яшаган ва одам танасидан ҳайдалгач, улар тўнғиз подасига кириб олганлар. Жинлар ҳайдалгунча одам танасида, ҳайдалгандан кейин эса тўнғиз подасида бўлганлар. Улар ҳеч қачон бир вақтнинг ўзида ҳам одамда, ҳам тўнғиз подасида бўлмаганлар. Жинлар ўта ақлли, аммо ҳамма нарсани кўриб туролмайдилар. Улар Ҳазрати Исонинг Ким эканлигидан алббатта хабардор бўлганлар.

Шунингдек, ўзларининг қисматлари нима билан якун топиши ҳам жинларга маълум бўлган. Тимўтийга биринчи Мактубнинг 4 боби 1оятида Павлус жинлар ўз сохта таълимотларини ўзларининг одамлари орқали тарқатишига ишора қилиб, “жин таълимоти” ёки “жинларнинг нималарга ўргатиши” ҳақида гапиради. Кўринишидан, жинлар яхши ишлаб чиқилган таълимотлари системасининг кенг тарқалиши учун яқиндан ёрдам берадилар. Уларнинг ёлғон ақидаси аср охирига бориб, имонлиларнинг йиғилишида янада фаоллашса керак, деб кўпчилик масиҳийлар ҳозирдан тахмин қилишмоқда.

Жинлар қанчалик ақлли бўлмасин, барибир ҳамма нарсани кўриб, билиб туролмайдилар, акс ҳолда улар Худога ўхшаган бўлиб қолардилар. Ҳамма нарсани кўриб, билиб турадиган ягона Зот бу Худодир. Бундан келиб чиққан ҳолда, жинлар фақат битта Худо борлигини биладилар ва ишонадилар, деб айта оламиз. Чунки Ёқуб китобининг 2 боби 19 оятида шундай ёзилган: “Сен Худонинг ягоналигига ишонасанми? Яхши қиласан! Жинлар ҳам ишонгани учун даҳшатдан титрайдилар”. Демак, жинлар Худодан қўрқадилар. Биз эса Худованднинг ҳимоясидамиз. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг интернетдаги сайтимиз манзили ёдингизда бўлса керак: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top