Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар, сиз азизлар билан биргаликда яна тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннадормиз. Марҳамат, тингланг: эфирда “Дилкаш” радиоси. Муқаддас китобдаги мактубларни ўрганар эканмиз, аввало мактубнинг умумий маъносини тушунишга ҳаракат қилишимиз керак. Мактубнинг мақсади нима? Мактуб нима учун ёзилган?- деган саволларга жавоб олишимиз керак. Агар мактубнинг умумий маъносини тушунсак, кейин парчаларни алоҳида-алоҳида ўрганганимизда, уларни яхшироқ тушуна оламиз. Парчаларнинг бир-бирига ҳамда мактубга қандай боғлиқлигини билиб оламиз.
Азиз радио тингловчи биродарлар, аввало ҳар бир каломни ўрганамизми ёки шунчалик ўқимоқчимизми, ибодат билан бошлаш жуда муҳим. Шундан сўнг ўрганмоқчи бўлган мактубингизни бошидан охиригача тўла ўқиб чиқинг. Яна бир муҳим нарса: ўқиётганингизда эътибор бериб ўқинг.Ўқиб бўлганингиздан сўнг, такрорланган сўзлар ёки ибораларни ва ғояларни топишга ҳаракат қилинг. Аниқ кўриниб турган фактларга эътибор беринг: булар одамлар, жойлар ва воқеалар бўлиши мумкин. Бундан ташқари мактубда қайси адабий жанрлар ишлатилган: ҳикоя жанрими ёки шеърий жанрими, мақол жанрими, башорат жанрими, дидактик жанрими — барчасини билиб олиш жуда муҳим.
Азиз радио тингловчи биродарлар, агарда Каломни гуруҳларда ўрганаётган бўлсангиз, биринчидан, бошқалар билан бирга юқоридаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинг. Янги имонли одам бўлса, жавоб топишга қийналиши мумкин, шунинг учун унга кўп ёрдам беришингиз керак бўлади. Агар у нотўғри жавоб айтса, унинг кайфияти тушмаслиги учун юмшоқ йўл билан уни тўғри жавобга бошқариш керак. Масалан: «Нега шундай ўйлайсиз?» деб сўрайсиз. Унинг жавобини инобатга олиб, «мен шундай ўйлайман» деб матндан аниқ сабабни кўрсатиш. Шунингдек охир-оқибат ўзингиз ҳам тўғри жавобни кўрсатишни ва янги имонли биродарни чалкашликдан сақлашни унутманг.
Такрорланган сўзлар ҳақида гап кетганда эса, бу фақат бир нечта намуналар, бошқа намуналар ҳам бўлиши мумкин. Такрорланган сўзларга эътибор берганимизда, биз сонига эмас, муаллифнинг асосий ғоясига эътибор беришимиз керак. Лекин такрорланган сўзлар муаллифнинг асосий ғоясини топиш учун бизга ёрдам беради. Азиз радио тингловчи биродарлар, Каломни ўқиш нима учун муҳим? Бунинг ягона сабаби — кўп йиллар мобайнида Инжилни ўқиб туриб, тажрибангиз ошиб, қобилиятингиз янада ўсади.
Аниқ кўриниб турган фактларга эътибор беринг: одамлар, жойлар ва воқеалар ҳақида нималар ёзилган? Яъни ким, қаерда, нима деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинг. Азизлар, агарда тушунмаган жойларингиз бўлса, асло кайфиятингизни тушурманг. Ўйлаймизки, вақти-соати келиб барча саволларингизга жавоб топа оласиз. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.