Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат тинглаб дам олинг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимизни Муқаддас китобдаги бир оят билан бошламоқчи эдим: “Сизларни даъват этган Худо қандай муқаддас бўлса, сизлар ҳам бутун юриш-туришингизда шундай муқаддас бўлинглар.” Биринчи Бутрус мактубининг 1 боби 15 ояти.
Азиз радио тингловчи биродарлар, орангизда ким бутун умри давомида асло хатоликка йўл қўймасдан яшади ёки ким шундай инсонни билади? Албатта, шундай инсонлар бўлмаслиги аниқ. Муқаддас китобда шундай деб ёзилган: “Масиҳдан эшитиб сизларга билдираётган хабаримиз шуки, Худо — Нур, Унда ҳеч қандай қоронғулик йўқ.” Биринчи Юҳанно мактубининг 1 боби 5 ояти. Азизлар, ушбу оятдан биз шуни англаймизки Худованд ҳақиқатдан ҳам муқаддасдир. У гуноҳсиз, Худовандда ҳеч қандай айб йўқдир. Худованд гуноҳдан, ҳар қандай ёвузлик ва ёмонликлардан холидир.
Ёруғлик ва зулмат каби Худованд ва гуноҳ ҳам қарама-қарши тушунчалардир. Азиз биродар, сув билан ёғ асло бир-бири билан аралашмайди. Шу каби Худованд билан гуноҳ ҳеч қачон бирга бўлмайди. Худованд муқаддасдир. Ота — муқаддас, Ўғил, Раббимиз Исо Масиҳ — муқаддас, шунингдек Муқаддас Руҳ — муқаддас. Фақатгина Худованд мукаммалдир. Мукаммал бўлишга интилаётган инсонлар бор бўлса, балки бу яхшидир. Чунки мукаммалликка интилиб яшаш яхши. Лекин инсон гуноҳкор одамлардан пайдо бўлгани сабабли унинг қонида гуноҳга мойиллик бор. Бу мойилликни фақатгина Худованд олиб ташлаши мумкин.
Демак, барибир айланиб ҳаммаси Худовандга бориб тақалади. Худованд айтганидек, биз инсонлар Усиз ҳеч нарса қила олмаймиз. Инсонларнинг бари гуноҳ қилган, бу гуноҳ эса бизларни Худодан ажратиб туради. Чунки Худо муқаддас, гуноҳ учун эса жазо бериши муқаррар. Аммо У бизнинг ҳам муқаддас бўлишимиз ва кечирим олишимиз учун ҳамда гуноҳларимизнинг тўлови сифатида қурбонликка Ўз Ўғлини берди. Кимда-ким Раббимиз Исо Масиҳни Қутқарувчим деб қабул қилганиданоқ Худованд гуноҳларингни кечиради ва Унинг олдида шу ондан бошлаб муқаддас бўласан. Худованддан кечирим олган ҳар бир инсон энди шунга яраша яшаши лозим.
Ўзининг эски ҳаёти давомидаги турли хил гуноҳларини ва ёмон одатларини ташлаб Худованд билан абадий ҳаёт сари шахдам қадам ташлаш керак. Йўлда учрайдиган турли қийинчиликларни барчасини Худовандга маълум қилиб доимо ибодатда бўлиш лозим. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com Албатта ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва ўзингизга керакли маълумотларга эга бўлинг. Ҳозирча сиз азизлар билан хайрлашиб барчангизга саломатлик тилаймиз, омон бўлинг, азиз биродарлар.