3:24

Руҳий ғалаба 301

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, шайтон ўзининг гуноҳларини инсониятнинг ҳаётига тўлиқ киргазиш орқали ғалабага эришмоқчи бўлаётганини ҳар бир масиҳий биродар яхши билади. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда дунёда ёвузлик тобора ортиб бормоқда. Шайтон учун Масиҳга ишонмаган инсонларни ўз тузоғига илинтириш жуда осон бўлиб қолди.

Ҳозирги кунда инсонларга Хушхабар айтишга ҳаракат қилсангиз, биринчидан, улар сизнинг гапларингизга ишонмасликка ҳаракат қилади. Ҳатто ўзлари умуман Худовандни олқишламагани етмаганидек, ўзларини яна дин пешволаридек қилиб кўрсатишади ҳам. Ҳатто баъзан сиз ҳаққингизда бошқа инсонларга айтиб устингиздан кулишга ҳам боради. Азиз биродарлар, бу нимадан дарак бермоқда? Албатта, шайтоннинг қилаётган ишларидан, деб айтишимиз мумкин. Шайтон ўзи танлаган кишиси учун шундай ҳужум қиладики, шу инсон айнан шу гуноҳнинг олдида ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмайди.

Гўё сўйилиш учун кетаётган қўйдек бош эгиб гуноҳ сари одимлаб бораверади. Ҳурматли радио тингловчи, Худованд асло инсонларни нотўғри йўлга бошламаслигини яхши тушунамиз. Демак, бундай ишни фақатгина шайтон қилиши мумкин. Шундай экан, нима учун била туриб унга ён бериш керак? Гуноҳда инсоннинг ҳаётини бошқариш учун ҳеч қандай ҳокимлик йўқ. Шайтон инсонларни, ҳатто масиҳийларни ҳам эски гуноҳкор ҳаётга қайтармоқчи бўлганида ҳам, ҳар бир инсонда танлаш ҳуқуқи бор.

Келинг азиз биродарлар, шу ўринда Римликларга мактубининг 6 боби 12 оятини биргаликда ўқиб кўрсак: “Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин, сиз баданларингиз ихтиёрига буйсуниб кетманглар”. Азиз биродарлар, агарда инсонга шайтон томонидан гуноҳ қилиш васвасаси берилса, “бориб гуноҳ қил” дегани эмас. Раббимиз Исо Масиҳнинг хочдаги ўлимидан сўнг, гуноҳ инсонлар устидан ҳокимлик қила олмайди. Лекин разиллашиб бораётган дунёда асло бепарволик қилиб бўлмайди.

Доимо зийрак бўлиш ва Худованднинг кўрсатмалари асосида яшаш — гуноҳ қилишдан қутилиб қолишнинг ягона йўли деб биламан. Азиз биродарлар, Исо Масиҳга ишонган кундан бошлаб ҳар бир инсоннинг ҳаётини муқаддаслик ва марҳамат бошқаради. Кимки ҳали Исо Масиҳга ишонмаган экан, улар Худованднинг шайтонга қарши кураша оладиган армияси сафига кира олмайди. Ушбу армияда фақатгина ўз гуноҳлари учун Худованддан кечирим олган инсонларгина Худо учун хизмат қила олади. Бу хизмат эса энг шарафли хизматдир. Азизлар, шунинг билан бугунги мавзумизга ҳам якун ясамоқчиман. Сиз азизлар билан хайрлашишдан аввал, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинг, азиз тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top