3:50

Худонинг сўзи 230

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз тўлқинлари орқали бўлса-да соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, Юсуфнинг акалари ўзаро келишиб, ўз оталарига ёлғон гапиришга келишиб олдилар. Рубенга ҳам: “улар сени ҳам, бизни ҳам айбламасликлари учун биз отамизни алдаймиз”, деб айтдилар. Улар такани сўйиб, “унинг қонига Юсуфнинг кийимини ботирамиз. Отамизнинг кўзи яхши кўрмайди, у ёлғонни сезмайди ва ўғлини йиртқич ҳайвон еб кетганига ишонади. Бундан кўра фош қилувчидан батамом қутулганимизга хурсанд бўлсанг-чи”, деб алдашга ҳаракат қилишар эди.

Рубен, хизматкорлар Юсуфнинг қонга булғанган кийимини олиб, отасининг олдига жўнаб кетишаётганини кўрди ва унинг миясига укасини сотиб олиш мумкин деган фикр келди. Бироқ шу пайт у, гуноҳни қораловчи Юсуфнинг олдида ҳар доим ўзини ноқулай сезганини эслади. “Ҳаммасини билиб қолса-чи, отам нима дейди? – хавотирланиб ўйлади Рубен. – Бироқ, агарда Юсуф ҳеч қачон қайтмаса, у бу ҳақда ҳеч қачон билмайди”. Шунинг учун Рубен Юсуфни қул қилиб сотиб юборишгани ҳақида отасига айтмасликка қарор қилди. Бу дегани азиз дўстлар, у ҳам бошқаларнинг гуноҳларини қўллаб-қувватлади ва ўзи ҳам шу гуноҳ ишга шерик бўлди дегани.

Гуноҳкор қанчалик осонлик билан виждонини жим қила олади! Ёқуб интизорлик билан аллақачон қайтиши керак бўлган жонажон ўғлини кутарди. У неча маротаба чодирдан чиқиб, қўлини ожиз кўзларининг устига қўйганча узоққа тикилиб қарарди. Азизлар, у қанчалик бебахт ота! Унга қарата шундай деб айтгимиз келади: “Эй бебахт ота, ўғлингни ҳали бери кўра олмайсан!” Баъзан одамлар фалокат яқинлашаётганини олдиндан ҳис қиладилар. Шунга қарамасдан Ёқуб, Юсуфни кузатаётиб, ҳеч қандай ёмонликни ҳис қилмади. Бугун эса, жонажон ўғлига йиртқич ҳайвон ташланиши мумкин деган ўй ҳаёлидан кетмас эди.

Шу пайт ёғочдан ясалган сандаллар тақиллаб кетди, яъни хизматкорлар келди. Ёқуб уларнинг саломини охиригача эшитмасдан туриб, улардан сўради: “Сизлар Юсуфни кўрдингизми? Қани у? Нимага у сизлар билан эмас?” У ўғли ҳақида сўрар эди, лекин унга ўғлининг фақат қонга булғанган кийимини олиб келишди, холос! Қандай мусибат! Қандай таърифлаб бўлмайдиган мусибат, азизлар! Қачонлардир Ёқуб акаси Эсовнинг кийимини кийиб олиб, деярли кўр бўлиб қолган отасини алдаган эди. Ана шу қилган гуноҳи учун энди у ўн карра жазоланди. Унинг ўн нафар ўғли Юсуфнинг кийимини, шу билан бирга унинг ўлими ҳақидаги хабарни юбориб, уни алдашди. Аммо Ёқуб буларнинг ҳаммасини англаб етиб ва Худованднинг адолатини тушунгунча орадан анча йиллар ўтади.

Кўпинча биз ҳаётимизда содир бўлган у ёки бу нарса ўзимиз қилган гуноҳнинг табиий оқибати эканлигини тушунмаган ҳолда, нима учун Худованд бунга йўл қўйди, деб савол берамиз. Ахир гуноҳ бу тош, яъни ким уни отса, доим унинг ўзига қайтиб тушади. Шунинг билан азизлар, мавзумиз охирлаб қолди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top