Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали соғ-саломат учрашиб турганимиздан беҳад хурсандман. Навбатдаги эшиттиришимиз эфирда, марҳамат, тинглаб ором олинг. Азиз радио тингловчи биродарлар, масиҳийлар орасида битта жуда ажойиб гап бор, яъни, кечирилган кечириши керак деган гап. Кимдандир хафа бўлсак-у, аммо у биздан кечирим сўрамаса, аниқроғи кечира олмасак, худди кимгадир пул қарз бериб, энди ололмаётган одамдек асабийлашамиз.
Бу ҳолатда қарздор қарзини қайтара олмаса, минг жаҳл қилиб, жазавага тушганингни фойдаси йўқ. Агар сиз учун кечириш қийин бўлса, у ҳолда айбдор ҳам вазиятни ўзгартира олмайди. Шуни ҳам унутмангки, ҳар доим ҳам йўқотилган нарса учун тўлиқ товон тўлашнинг имкони бўлавермайди. Йўқотган қизингиз ёки ўғлингиз ўрнини нима ҳам тўлдира оларди? Ёки фисқу фасод туфайли дучор бўлган шармандаликни нима билан юва оласиз? Ҳеч нима билан! Жабр кўрган одам учун бирдан-бир йўл шу-ки, ҳаётини давом эттириши учун у йўқотишга кўникиши, “қарз”дан кечишга рози бўлиши керак.
Биз орамиздан ҳеч ким комил ва бенуқсон эмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Биз Худони ҳар доим ранжитамиз. Демак, Унинг олдида беҳисоб қарздормиз ва кечирим сўрашдан бошқа йўлимиз қолмайди. Худонинг раҳмдиллиги эса чегара билмайди. Кечирим сўрасак, У кечиради. Унинг мухаббати билан хочда қарзларимиз учун товон тўланган. Бироқ, битта “лекин”и ҳам бор. Биз ўз кучимиз билан Худонинг севгисига эришолмаймиз. Биз ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмаймиз. Худо эса бизни қандай бўлсак, шундайлигимизча севади. Аммо Унинг муҳаббати йўлида қилган ишларимиз худди синовга ўхшайди.
Бу синов орқали Худо севгисини ҳақиқатан ҳам тушуна олдикми-йўқми, қилган гуноҳларимиз учун юракдан тавба қилаяпмизми-йўқми, аниқ билиб оламиз. Масиҳ бу ҳақда шундай дейди: Худо бағри кенглик билан миллионлаб одамларнинг гуноҳидан кечди. Агар Унинг гуноҳларимиз учун тўлаган қурбонлигига ишонсак, унда шак-шубҳасиз, бор-йўғи бир неча юз кишини кечиришдан бош тортишга ҳаққимиз йўқ. Азиз радио тингловчи мухлислар, Каломда шундай ёзилган оят бор: “Бизга гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин”. Бу Ҳазрати Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдларига ўргатган ибодатнинг сўзларидир.
У бу сатрларга кейинчалик алоҳида тўхталиб ўтади. Бизни кечирувчи Худо бошқаларни ҳам кечиришимизни истайди. Шундай қилиб, биз кечиришимиз керак бўлган иккита сабабни аниқлаб олдик: ранж-алам ҳисси бизга зиён етказади ва кечирим бермайдиган юрак Худони ранжитади. Энди эса, имонлиларнинг кечириш учун қиладиган ишларини қадамма-қадам ҳаётимизда амалга оширишимиз қолди холос. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз охирлаб қолди. Сиз азизларга шу ўринда ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз мухлислар.