4:06

Хушхабар

MP3

Ассалому алайкум азиз”Дилкаш” радиосининг муҳтарам мухлислари. Сиз азиз радио тингловчилар ила яна тўлқинларимиз орқали дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, бизга маълумки Хушхабар барча инсонлар учундир. У хоҳ бой бўлсин, хоҳ камбағал бўлсин, ким бўлишидан қатъи назар барча Худонинг олдида бир хил жавобгардир. Ҳар бир имонли биродарда ўзига яраша аниқ мақсад бўлиши керак. Ушбу мақсадлардан энг муҳими Хушхабар айтишдир. Шу билан бирга, Худода имонли бўлиш бошқаларга фақат Хушхабар айтиш дегани ҳам эмас. Кўпгина имонлилар Масиҳнинг шогирдларига аниқ қилиб айтган шогирд орттириш ҳақидаги буйруғига эътиборсиз қарайдилар.

Масалан, Матто Хушхабар китобининг 28 бобдаги буйруқни яна ҳам кенгроқ ва чуқурроқ ўрганишимиз керак. Ушбу бобни ўрганадиган бўлсак, бу жойда шогирд орттириш ҳақидаги Муқаддас Калом асосларини ўргатиш билан бошланади. Албатта биринчи ўринда ҳар биримиз шогирд тарбиялаган Ҳаворий Павлусдан ўрнак олсак арзийди. Барчамиз шогирд ҳақидаги ўз маданий фикрларимиз билан Муқаддас Каломда айтилган шогирд ҳақидаги фикрларнинг фарқини англаймиз. Шу боб орқали ва Ҳаворий Павлуснинг самарали хизматини чуқурроқ ўрганиш орқали шогирд орттириш аслида қандай бўлишини ўрганиб оламиз.

Амалда қўллаши мумкин бўлган материаллар тажрибага эга бўлган ҳолда аста-секин ҳаётимизга кириб боради. Энг муҳими азиз биродарлар, бу нарса ҳақиқатда бошқа имонлининг ўсишига ёрдам беришига олиб келади ва инсоннинг дунёқарашлари ҳам ўзгаради. Гарчи Исо Масиҳ буюрган бўлса ҳам, бирор-бир ишни қилиш осон бўлмаслигини ва бу ишни фақат Муқаддас Руҳнинг қудрати билангина амалга оширилишини кўрамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, шогирд орттириш аслида амалда нималардан иборат? Амалда қўллаш бу шогирд орттириш ҳақида ўрганганларини кундан-кун ўз ҳаётида юзага чиқаришдир.

Ҳаётини, вақтини ва диққатини шогирд билан бўладиган муносабатларга бағишлаш, у учун ибодат қилиш, унинг уйини, аҳволини, ишини билишдир. Шу билан бирга унга ўрнак бўлиш, ҳаёти билан қизиқиш, биргаликда Худога хизмат қилиш, меҳрибонлик билан уни муқаддас ҳаёт кечиришга ундашдир. Бироқ уни бошқариш ёки ўзига ўхшаш қилиш керак эмас. Шогирд орттириш шунчаки ҳақиқатларни ўргатиш ёки дарс ўтиш эмас. Бу хизматга юқорида айтилганларнинг бари киради. Баъзи шогирд орттирувчи имонлилар шогирдлари билан бирга бекорчи вақт ўтказиб, бошқалар эса сафсата сотиб ўзларини худди машғулот ўтгандай тутишади. Аслида шогирд билан вақт ўтказганда қуйидаги икки нарса бўлиши керак: чин дилдан шогирдининг ҳаёти ва муносабати учун ибодат қилиш ҳамда режа ва жавобгарлик билан Худонинг Каломини ўрганиш. Бу эса азиз биродарлар, ҳар икки томонни ҳам имонда мустаҳкам бўлиб, руҳан ўсишини таъминлайди. Бунинг натижасида шогирдларимиз келасида ажойиб ҳосиллар келтиради. Хушхабар тарқалиши янада кенгайиб боради. Натижада кўплаб инсонларнинг Худовандни танишлари учун йўллар очилади. Шунинг билан азиз мухлислар, бугунги мавзумизга якун ясаб, сизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилин айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top