Ассалому алайкум қадрли аёллар. Мавзумизнинг номини эшитдингизми? Балки сиз ҳам баъзан ўзингиз қилган гуноҳ ҳақида шундай ўйларсиз? Агар шундай бўлса суҳбатимизни диққат билан тингланг. Сизнинг ёки бошқа опа-сингилларнинг бундай ўйлаши бежиз эмас. Бу душманимиз Шайтоннинг ҳаётимизни барбод қилиш йўлида навбатдаги ёлғонларидан биридир. Агар сиз ҳам шу ёлғонга ишонсангиз, унинг қули бўлиб қоласиз. Мен Лола бу ёлғонни фош қилиш ҳақида ўқигандим. Ҳозир эса бу ҳақида сизлар билан бўлишаётганимдан мамнунман. Орамизда баъзи аёллар «Менинг гуноҳим бошқаларникичалик жиддий эмас», деб ишонишса, баъзилари: «Худованд менинг гуноҳимни асло кечирмайди», деб ишонишади.
Ҳар иккала ёлғон ҳам бир хил натижа беради. Орамизда яхши оилада тарбия кўрган ва ҳар доим яхши хулқи билан намуна бўлганлар биринчи ёлғонга, яъни «Менинг гуноҳим у даражада катта эмас», деган ёлғонга осонгина ишонишади. Бирозгина ёлғон қўшиб гапириш, бошқаларнинг сирини ошкор қилиш, улар ҳақида ғийбат қилиш ва аччиқ тил, ортиқча пул сарфлаш, нотинчлик, худбинлик, нолишлар бизга унчалик жиддий гуноҳ бўлиб кўринмайди. Момо Ҳаво ҳам ўз гуноҳи ҳақида шундай ўйлаган бўлиши мумкин. «Хўш нима бўпти? Бир озгина мева еди ҳолос. Шунга шунчами?» Бироқ Худо аниқ қилиб: «Ема» деб буюрган эди. Момо Ҳаво эса «Ейман», деди. Бу очиқдан очиқ Худонинг айтганига итоатсизлик қилиш бўлди. Қилган гуноҳининг оқибатида эса онги, танаси, эркинлиги, ҳис-туйғулари зарар кўрди.
Худо билан муносабатлари бузилди. Одам Ато билан муносабатларида ҳам муаммолар юзага келди. У итоатсизлиги билан эрини ҳам шу гуноҳга тортди, натижада гуноҳ бутун инсониятга ўтди. Агар кўлга тош ташласангиз нима бўлишини биласизми? Узоқ вақтгача тош тушган жой атрофидан халқалар пайдо бўлиб, анча жойга ёйилади. Гуноҳ ҳам шундай. Қиладиган ҳар бир гуноҳимизнинг нақадар жиддийлигини кўра олганимизда эди, ҳар бир гуноҳнинг исён ва хоинлик эканини англаган бўлардик. Ҳар сафар ўз билганимизча иш кўрганимизда, Худога қарши исён қилаётган бўламиз. Соат механизми ичида энг майда қисмлари ҳам соатнинг ишлаши учун муҳим бўлганидай, ҳаётимиздаги энг кичкина гуноҳ ҳам ҳаётимизни барбод қилиш учун етарли бўлади.
Эрамизнинг 17-18 асрларида Пуританлар ўзларининг итоатлилиги ва муқаддаслиги билан машхур бўлишган. Уларни ҳукм қилиш учун улардан бирор ёмон нарса топиш қийин бўлган. Чунки улар Худо билан яқин муносабатда бўлишган. Бунинг оқибатида гуноҳга нисбатан нафрат пайдо бўлган. Улар қандай ибодат қилганини билишни истайсизми? Марҳамат эшитинг:
Худойим менга гуноҳнинг ёмонликларини кўрсат, токи гуноҳдан нафратланиб, ундан ўзимни олиб қочай. Гуноҳнинг жирканчли эканини унутишимга йўл қўйма. Унинг сенга қарши ҳақорат ва исён эканини доим ёдимда сақлай.
Уларнинг ибодатлари ғайритабиий эмас, муҳими улар гуноҳнинг оқибатларини англаб, ундан қочиш учун сўраган. Азиз тингловчи сиз-чи, гуноҳ ҳақида сиз қандай ибодат қиласиз? Гуноҳнинг катта-кичиги ва аҳамиятсизи бўлмайди. Қиладиган ҳар бир гуноҳингиз Худога қарши исён эканини ва бунинг оқибатини тез орада олишингизни унутманг. Шайтоннинг ёлғонларига қарши туришингиз учун Худованд сизни қувватлантирсин. Омин!