Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азиз дўстларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, “шайтон” сўзи Худо ва инсониятнинг энг катта рақиби ёки душмани деган маънони билдиради. Бу иблиснинг асл исмидир. Баъзи бир одамлар шайтон деган душманнинг борлигига унча ҳам ишонавермайдилар. Аммо унинг борлиги ва ҳатти-ҳаракати кўплаб ёвузлик ва азоб-уқубат муаммоларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Муқаддас Калом ҳам шайтон ҳақиқатан ҳам бор ва унинг қиладиган иши Худо бошқарувига одамлар орқали қаршилик кўрсатиш, деб аниқ айтади.
Худо ёвузликнинг инъикоси бўлган шайтонни нима сабабдан бутунлай йўқ қилиб юбормасдан, аксинча, унга йўл бераётганлиги кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Ҳатто кўпинча ушбу саволни кўпчилик биродарларимиз бир-бирларидан сўраганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Бу саволга ҳозирги кунгача қониқарли жавоб топилгани йўқ. Эҳтимол, Раббимиз бу йўл билан ёвузлик ва гуноҳ ҳеч қачон биз излаётган ҳаётнинг асл маъносини очиб беролмаслигини кўрсатмоқчидир. Балки бунинг бошқа сабаблари ҳам бордир. Ўйлайманки, бу саволга инсонлар жавоб топиши анча мушкулдир. Шуни аниқ биламизки, имонлининг ғалабаси руҳий хусусиятга эга.
Биз ўз душманларимизни Худо Каломи ёрдамида, руҳий қурол-аслаҳалар билан қуролланиб, Раббимиз Исога бўлган ишонч ҳамда Унинг ваъдаларига таянган ҳолда енга оламиз. Худо қўшини сафидаги ҳар бир аскар маълум бурч ва мажбуриятларга эга. Бу бурч ва мажбуриятлар қуйидагилардан иборат: дуо қилиш — Эфесликларга мактубининг 6 боби 18 ояти. Итоат қилиш — иккинчи Коринфликларга мактуби 10 боб 5 ва 6 оятлари. Қўмондонга маъқул келиш — иккинчи Тимўтийга мактубининг 2 боби 4 ояти. Ўз-ўзини бошқариш , чидамлилик, қийинчиликларга тайёр туриш ва бошқа кўплаб мажбуриятлардир. Биз жангчилар учун керакли бўлган бу руҳий фактларни билиб олгач ва бундай ҳавфли урушда ўз душманимизни аниқлаб олгач, уни яқиндан ўрганишга киришамиз.
Энг аввал, бош руҳий душманимиз ― шайтон ҳақида Худо Каломи нималар деганини батафсилроқ ўрганиб олишимиз керак бўлади. Бир-бири билан жанг қилмоқчи бўлган рақиблар доимо бир-бирларининг кучсиз томонларини ўрганишга харакат қилади. Демак, шайтон ҳам бундан мустасно эмас. У доимо ўз рақибининг кучсиз томонини билиб олгач, айнан шу жойдан илинтиришга ҳаракат қилади. Бундай заифликлар турлича бўлиши мумкин. Масалан, кимдир ичиш ёки чекиш қули бўлса, бошқаси ёлғон гапириш, яна кимдир эса хиёнаткорлик қули бўлиши мумкин. Азиз биродарлар, инсондаги шунга ўхшаш камчиликларни шайтон кўради ва янада ривожлантиришга ҳаракат қилади.
Энг ачинарлиси, баъзи имонли кишилар ушбу гуноҳга гўё гуноҳ эмасдек қарайдилар. Огоҳ бўлайлик, азиз биродарлар. Шунинг билан азизлар, бугунги мавзумизга якун ясаб, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сизларга эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Ушбу манзилимизга албатта ўз фикрларингизни ёзиб юборасиз деган умиддамиз.