Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчиларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда навбатдаги эшиттиришларимиздан бири. Азиз радио тингловчи биродарлар, Худонинг Нури қалбимизга кирганида, барчамиз қилиб қўйган гуноҳларимиз учун қийналамиз. Содир этган гуноҳларимиз қанчалик ифлос ва ёмон эканлигини билганимиздан сўнг, гуноҳларимизни кечирилишини сўраб Худога ёлворамиз. Бироқ Худованд гуноҳларимизни кечирганидан кейин ҳам шу гуноҳ ҳали ҳам баданимизда амал қилаётганига гувоҳ бўламиз.
Гуноҳ ҳали ҳам бизнинг ичимизда яшаётгани бизни аввалгидан ҳам қаттиқроқ қийнашни бошлайди. Азиз радио тингловчи биродарлар, баъзи имонли биродарларимизга баданнинг ўзи гуноҳкор эканлиги анча кеч етиб боради. Муаммо бизнинг гуноҳ қилиб қўйганимизда ҳам эмас, муаммо бизнинг ўзимизда, бизнинг бутун табиатимизнинг ўзи гуноҳкордир. Шунинг учун ҳам гуноҳ қилишга мойиллик ҳар бир инсоннинг ич-ичига сингиб кетган. Биз Худодан кечирим сўраймиз, кечирим оламиз ҳам, лекин кейин яна гуноҳ қилишда давом этаверамиз.
Азизлар, Худонинг инояти шунда-ки, биз кечиримга эгамиз, лекин бу ҳали биз учун етарли эмас. Азизлар, биз гуноҳнинг кучидан тўлиқ озод бўлишимиз керак. Биринчи галда биз қилган барча гуноҳларимиз учун кечирим олишга муҳтожмиз. Шу билан бирга биз ўзимизнинг кимлигимиздан ҳам озод бўлишга жуда-жуда муҳтожмиз. Азиз биродарлар, Худованднинг даволаш йўли ягонадир. Бу қон ва хочдир. Азизлар, Римликларга мактубининг биринчи саккизта бобида нажотнинг икки томони аниқ қилиб ёритиб берилган. Биринчидан — Худо бизларнинг гуноҳларимизни кечириши, иккинчидан — гуноҳ ҳокимлигидан озод бўлиш.
Мактубнинг биринчи бешта боби инсонларнинг гуноҳга ҳар хил ва жуда кўп гуноҳларга ботганлиги ҳақида. Кейин Масиҳ воситасида эса гуноҳларнинг кечирилиши ҳақида ёзилган. Олтинчи бобдан бошлаб, бизларнинг Масиҳ билан бирга хочга михланганимиз ҳақида гап кетади. Мактубнинг биринчи қисмида Раббимиз Исо Масиҳнинг Қони бизнинг гуноҳларимизни кечириш учун тўкилгани ҳақида ёзилган. Мактубнинг иккинчи қисми эса, Худо амалга оширган, Раббимизнинг Хочи орқали бажарилган иши ҳақида, яъни бизларнинг Раббимиз билан Унинг ўлимида, кўмилишида ва қайта тирилишида бирлашганимиз ҳақидадир.
Азиз биродарлар, ушбу мактубни ўқиганимизда биз кўришимиз мумкин-ки, Раббимизнинг Қони биз қилган ёмон ишларни, Хоч эса бизнинг ёмон табиатимизни бартараф қилиш учун берилган экан. Азиз биродарлар, гуноҳ қилишдан фориғ бўлишнинг ягона йўли, Худованд билан бирга юриш ва Унга қулоқ солишдир. Ҳаётимизни Унинг ишончли қўлларига топширишдир.Унинг Каломини юрагимизда сақлашдир. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Албатта ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ушбу манзилга ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.