3:00

Аёллар ишонадиган ёлғон – Болалар ҳақида 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Мана мен Лола ҳаш-паш дегунча яна сизларнинг ҳузурингиздаман. Бугун ҳам сизлар билан аёлларнинг фарзанд ҳақида ишонадиган ёлғонлари тўғрисида суҳбатлашамиз. Бугун кўриб чиқадиган ёлғонимиз шундай — «Фарзандлар реал ҳаётда яшашлари керак». Биз ўтган сафар шайтон ҳаётдан нафратланади, туғилажак ҳар бир бола Худога хизмат қилиб унинг режаларини барбод қилиши мумкин, деган эдик. Борди-ю, шайтон фарзандлар туғилиши олдини ололмаса нима қилади? Бу ҳолатда у бошқача йўл тутади. Адан боғида Момо Ҳавони қандай алдагани ёдингиздами? «…агар бу мевадан есангизлар кўзларингиз очилиб, яхши билан ёмонни биладиган бўласизлар». Шайтон ҳақ эди. Момо Ҳаво таъқиқланган мевани ейиши билан, унинг кўзлари очилди. Ростдан ҳам авваллари билмаган нарсани – ёмонликни билди. Унинг янги пайдо бўлган билими натижасида айбдорликни, уятни Худодан ва эридан узоқлашганини ҳис қилди. Худованд ўз тажрибамизда ёвузликни англашимизни истамайди. У ҳар қачон «яхшиликда доно ва ёмонликдан ҳоли» бўлишимизни истайди. Бироқ шайтон: «Сен ўзинг ҳаммасини татиб кўришинг керак», — дейди. Ҳақиқат эса бунинг аксини гапиради. Ҳақиқат шуки ҳар бир художўй аёл фарзандларини Худони бутун қалби билан, бутун кучи билан ва онги билан севадиган қилиб ўстириши лозим. Аёл ўз фарзандларини шундай ўстирсинки, токи улар мустақил бўлиб реал ҳаётга чиққанларидан кейин ҳам Худонинг йўлидан оғишмасинлар. Қишда бирор уруғ ундира оласизми? Йўқ. Аммо бунинг иложи бор. Бу ҳам бўлса иссиқхона. Иссиқхонада уруғ экиб, кўкат ундириб, унинг томир отишини, ерга мустаҳкам чирмашишини кутасиз. Кейин эса эрта баҳорда қўрқмай уни ташқарига олиб чиқа оласиз. Чунки ўсимлигингизнинг томири бақувват, энди совуқ кунлар, қишнинг тафти кетмаган изғирин шамоллар ҳам унга зиён етказа олмайди. Фарзандлар билан ҳам шундай қилиш керак. То балоғатга етгунча, ўсиб-улғайиб уйдан учирма бўлгунга қадар, уларни Худонинг йўлида, муқаддасликни севадиган, ёмонликдан қочадиган қилиб, бу дунёнинг таъсирларидан ҳимоя қилиб тарбиялаш лозим. Бугунги кунда фарзандларимиз кўпроқ нималар билан банд? Бу саволга ҳар бирингиз аниқ жавоб айта оласиз. Албатта телевизор, компютер ўйинлари, кўчада шаталоқ отиш билан бандлар. Телевизордан оладиган таъсирлари ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Шайтоннинг фарзанд «реал ҳаётда ҳар нарсани ўз тажрибасида кўриб ўргансиз, шундагина бу дунёдан ўз ўрнини топа олади», — деган ёлғонига ишонманг. Ташқи таъсирлар фарзандингизнинг онгини, қалбини заҳарлашига йўл қўйманг. Агар фарзандингизни ёшлигиданоқ Худонинг йўлидан оғишмай юришга ўргатсангиз, улғайганида ҳам қўрқмай бошқа шаҳарга ҳаттоки дунёнинг нариги чекасига ҳам юборсангиз бўлади. Чунки унинг томири Худодан мустаҳкам. У энди дунёнинг шўхликлари, ёмон йигит-қизлар таъсирига тушиб қолмайди. Ўз йўлини ва мақсадини аниқлаштириб олган бўлади. Шундай фарзандларга эга бўлишни ким ҳам истамайди дейсиз? Сиз ҳам чиндан истасангиз, шу бугунданоқ, фарзандингизнинг қалбига ҳақиқат уруғларини экишни бошланг. Худо хоҳласа бир неча йиллардан кейин бунинг ҳосилини оласиз. Омин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top