2:37

Аёллар ишонадиган ёлғон – Мен ўз ҳис-туйғуларимни бошқара олмайман

MP3

Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз мавзуси кўплаб аёлларни қизиқтиради деган умиддаман. Чунки мен Лола ҳам табиатан ҳис-туйғуга бой қилиб яратилганман. Душманимиз ҳис-туйғуларимизни бошқара олмаслигимизга ишонишимизни истайди. Сиз ҳам: «ҳис-туйғуларимни бошқара олмайман», деб ўйласангиз, у сизни бу ёлғонига ишонтира олибди. Ҳақиқатда доимо ҳам ўз ҳис-туйғуларимизни ўзгартира олмаймиз, бироқ бу ҳислар ҳаётимизни бошқаришига йўл қўймаслигимиз мумкин. Тиббий кўрикдан ўтаётганингизда ичингиздаги ҳаяжонни тўхтатишга кучингиз етмас, бироқ ҳавотирланишни ва сиқилишни тўхтатишингиз мумкин. Одатда ойнинг маълум бир кунларида тезда ҳис-туйғуга бериладиган бўламиз, бироқ шу кунларда ҳам йўлимизда учраган кишига қўполлик қилишдан, ҳаддан ортиқ асабийлашишдан тийилишимиз мумкин. Ичимизда туғён қилаётган ҳис-туйғуларимизга қарамай, Худонинг марҳамати билан Унга қарашимиз ва қарор қилишимиз мумкин. Бу эса бизга ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, садоқатли бўлишимизга сабаб бўладиган тинчлик ва иноят олиб келади. Худо билан муносабатимиз ҳис туйғуларга асосланмаслиги керак. Сиз ўзингизни қандай ҳис қилишингиздан қатъий назар Худонинг Каломи шундай дейди:

(Мат 28:20) «Мен, ҳар куни…сизлар билан бирга бўламан». Бизни ёлғизлик ҳисси чулғаганида ҳам мана шу ваъдага ишониб, мустаҳкамланишимиз керак.

(1 Петр 5:7) «Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади». Каломда ёзилишига кўра биз эртанги кун ҳақида қайғурмай, тинчгина ором олишимиз мумкин.

(Юҳ 14:27) «…Юрагингиз сиқилмасин, ҳадиксираманглар». Қандай ҳолатда бўлмайлик, қўрқувга ён бермаслигимиз керак.

Ҳис-туйғуларимизга ишонсак, барбод бўламиз. Худога ва Унинг Каломига қарасак, тикланамиз. Унинг ҳақиқати бизга шифо беради, тиклайди ва руҳлантиради. Биз Худога қараганимизда ҳар бир фикрни Унинг ҳақиқатига бўйсундирамиз. Муқаддас Руҳ эса бизнинг ҳис-туйғуларимизни поклайди ва ғайриоддий иноят, тинчлик ва тасалли беради. Каломда яна шундай оят бор: «Сизлар Масиҳ билан бирга тирилган экансиз, юқоридаги, Масиҳ бўлган жойдаги нарсаларни изланглар. У самода Худонинг ўнг томонида ўтирибди. Фикрингиз ер юзидаги эмас самодаги нарсалар билан банд бўлсин.» (Кол 3:1-2). Бизнинг бошимизга қандай фикр келмасин, Худонинг ҳақиқатини билган ҳолда ҳар қандай фикрни бўйсудиришни ўрганайлик. Калом Худода руҳан мустаҳкам бўлган кишини Худо мутлақ тинчликда сақлаши ҳақида ёзилган. (Ишаё 26:3) Суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимдек, Худо аёл кишини ҳис-туйғуга бой қилиб яратган, фақат бу ҳис-туйғуларни тўғри йўлда ишлатишни ўрганишимиз керак ҳолос. Ҳеч қачон ҳис-туйғуга муаммо ёки камчилик деб қараманг. Сиз қандай бўлсангиз Худо сизни шундайлигингизча севади. Худонинг марҳамати ва тинчлиги доимо ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top