Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун сизларга Муқаддас Руҳ имонлиларда қандай ишлаши ва имонли киши ибодат қилганда нималар содир бўлиши ҳақида гаплашамиз. Келинг, ҳаворий Бутрус қамоқда бўлганида нималар содир бўлгани ҳақида гапиришдан олдин, биродарларнинг ҳолатига қараб кўрайлик. Муқаддас Калом шундай дейди: “У ерда бир талай одам тўпланиб, ибодат қилаётган эди.” (Ҳав 12:12) Бутрус қамоққа қандай олинганига қайтсак. “Ўша кунларда Ҳирод имонлилар жамоатидан баъзиларига озор бериш учун қўл кўтарди. Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан чопиб ўлдирди. Бу яҳудийларга ёққанини кўриб, унинг ортидан Бутрусни ҳам қўлга олди. … Ҳирод Бутрусни зиндонга қамаб, Фисиҳ байёрамидан кейин халқ олдига чиқариш нияти бор эди. Уни қўриқлаш учун ҳар бири тўрт аскардан иборат тўрт дастага топширди.” Ҳирод Бутруснинг қочиб кетишидан ёки уни қочириб юборишидан қўрққан эди.
Narrator 2 Агар сиз Бутруснинг ўрнида зиндонда бўлсангиз, нима қилган бўлардингиз? Сизни билмадиму, лекин мен ўша ерда бўлсам қўрққан ва Худодан ёрдам сўраб ибодат қилган бўлардим. Чунки яқинда имонлилардан бирини қилич билан чопиб ўлдирган Ҳирод мени ҳам ўлдириши аниқроқ эди. Бутрус эса бироз бошқача ҳолатни бошидан кечирган. У Худованднинг бу ишда бир режаси борлигига ишонган ва ишонч билан ибодат қилган. У ёқда Марк лақабли Юҳаннонинг онаси Марямнинг уйида эса имонлилар Худога Бутрус ва бошқа имонлилар учун ёрдам сўраб ибодат қилишаётган эди. Худованд имонлиларга берган ибодат қилиш эрки билан улар Худонинг қудратини ҳис қилишади. Ибодат билан Худонинг фарзандлари самовий қўшинларни ҳаракатга келтира олишади. Биргина Худо фарзанди ибодат қилиишни бошлаши билан фаришталар ишга тушишади. Бутруснинг ҳикояси эса айнан шунга мисол бўла олади.
Narrator 1 Калом шундай дейди: “Ҳирод уни чақирмоқчи бўлган кундан аввалги кечаси Бутрус икки аскар ўртасида, иккита занжир билан кишанланган ҳолда ухлаётган эди. Эшикнинг ёнидаги қоровуллар эса зиндонни қўриқлашар эди. Ногаҳон Худованднинг фариштаси Бутруснинг ёнида пайдо бўлиб, ҳужрада нур порлади. Фаришта Бутруснинг биқинига туртиб: “Тезроқ ўрнингдан тур!, деб уни уйғотди. Шу ондаёқ қўлларидаги занжирлар тушиб кетди. Фаришта Бутрусга: Камарингни боғла, чориқларингни кий!, деди. У шундай қилди. Кейин фаришта: Тўнингни кий, орқамдан юр! деди. Бутрус чиқиб, унинг орқасидан кетди. Фақат фаришта қилаётган ишнинг ўнг ёки туш эканлигини уқмай, ваҳий кўраётганини ўйлар эди. Биринчи ва иккинчи қоровулхоналардан ўтиб, шаҳарга чиқадиган темир дарвозага келишди. Дарвоза ўзидан ўзи уларга очилди. Ташқарига чиқиб, бир кўчани босиб ўтишди.
Narrator 2 Ногаҳонда Бутруснинг ёнидаги фаришта ғойиб бўлди.” (Ҳав 12:6,10) Бутрус биринчи марта бундай мўъжизага дуч келаётгани учун, дастлаб туш кўраяпман ёки ваҳий кўраяпман, деб ўйлади. У бунинг ҳақиқатда содир бўлганини англагани ҳамон, жуда ҳам хурсанд бўлиб, Худога ҳамду санолар айтгани аниқ. Калом шундай дейди: “Бутрус ўзига келгач, энди мен чиндан кўрдим, Раббим фариштасини юбориб, мени Ҳирод қўлидан ва яҳудий халқининг бутун қасд адоватидан қутқазди” , деди. У бўлиб ўтган воқеаларнинг фарқига етгач, Марк лақабли Юҳаннонинг онаси Марямнинг уйига етиб келди.” Англаганингиздек, у ерда ҳам имонлилар ибодат қилишаётган эдилар. Бу мўъжиза фақат Бутрус учун эмас, бошқа имонлиларнинг ҳам ибодатига жавоб бўлди.