3:25

Tурмуш ўртоқни қандай чақириш мумкин?

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Ўтмишда эр-хотин бир-бирининг исмини айтиб чақирмаган! Ўтмишда эр-хотинлар бир-бирининг исмини айтиб чақириш уят ҳисобланган. Улар бир-бирларини тўнғич фарзанднинг исми билан атаганлар. Тўнғич фарзанд туғилгунга қадар эса, шу хонадонда яшайдиган кичик ёшли боланинг исмини айтиб чақиришган. Ҳозирги кунда бу одатлар водийда, Сурхон воҳасида қисман сақланиб қолган. Эрни ёки аёлни бош фарзанднинг номи билан аташ араблардан келган одат бўлиши мумкин. Масалан, улар бир-бирларига «Абу Даргоҳ» ёки «Умму Даргоҳ» деб мурожаат қилишади. Абу Даргоҳ дегани бу – Даргоҳнинг отаси, Умму Даргоҳ эса – Даргоҳнинг онаси, деган маънони билдиради. Андиша юзасидан ҳам суҳбатдошининг исмини унутиб қўйган одам ундан отасининг исмини сўраган. Агар отанинг исми Муҳаммад бўлса, у суҳбатдошига «Ибн Муҳаммад», деб мурожаат қилган. «Ибн» – ўғил, «бинти»- қиз, деган маънони билдиради. Умуман олганда, бу одатларнинг Ислом динига ҳеч қандай алоқадорлик жойи йўқ.

Narrator 2 Аёллар эрларини ҳурмат юзасидан исмини айтиб чақиришмаган. Умуман олганда, ўтмиш замонларда одамлар феъл-атвори, руҳияти бошқача бўлган. Эр-хотин бир-бирини ўз исми билан атамаслиги – бу эҳтиёткорлик чораси, ғанимлар бирон фитна қилмаслиги учун ҳам урфга айланган бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда одамлар онги, руҳияти анча шаклланди. Фикримча, аёл бўладими, эркак бўладими, жуфтини нима деб аташининг унчалик аҳамияти йўқ, деб ҳисоблайман. Эрнинг мартабаси улуғ! Бир пайтлар бу масала катта шоира-ю адибалар даврасида ҳам муҳокама қилинган эди. Катта авлод орасида ҳеч ким, жумладан, Зулфия опа ҳам, Ойдин Ҳожиева, Санъат Маҳмудова сингари ёши улуғ, ҳурматли аёлларимиз турмуш ўртоқларини «акам», деб аташмаган. Бу қулоққа ҳам жуда хунук эшитилади. Ўшанда шоира ва адибаларимиз, «акам» дейишни ким ўйлаб чиқарди, ўзи?», деб роса тажанг бўлишган эди.

Narrator 1 Аслида эрни «Фалончи акам», деб аташ Шўро инқилоби билан бирга кириб келган. 60-йилларда замонавийлик белгиси сифатида урфга айланган. Балки бу авлодлар алмашинуви, замоннинг ўзгариши билан ҳам боғлиқдир, аммо шунга қарамай, бу одат бизнинг ўзбекона маданиятимизга унча ярашмайди, деб ўйлайман. Масалан, Зулфия опа турмуш ўртоқларини расмий суҳбатларда «Ҳамид Олимжон», ўзаро яқинлар гурунгида «Ҳамид ака», деб гапирардилар ва ҳеч қачон «ака» сўзига эгалик қўшимчасини қўшиб, «акам» деб атамаганлар. Аслида ҳам эрнинг мартабаси улуғ, мазмун-моҳиятан ҳам «ака» атамаси унинг мавқеи учун торлик қилади. Эр – бу эр, акаси – туғишгани. Шунинг учун эрни «ака», деб чақириш ножоиз. Эр – аёли учун «хўжайин», «хожа» бўлади. Шунинг учун келинлар турмуш ўртоқларини «хўжайин» деб атаганлари яхши.

Narrator 2 Аслида эрни ёки хотинни қандай аташ жуда муҳим. Бу билан биз ўша одамга нисбатан ўз муносабатимизни билдирибгина қолмай, оилада тутган ўрнимизни ҳам белгилаймиз. Подшоҳнинг рафиқаси малика бўлганидай, бу билан аёл ҳам шоҳга нисбатан тутган мавқеини тасдиқлайди. Ҳозирги шиддаткор замонда биз уларни меҳр билан «бегим», «тўрам», деб атасак, бу уларга руҳий мадад бўлади. Бундан ташқари, эрни у ёки бу ном билан атаб, унга бўлган муносабатимизни, ҳурматимизни, ишончимизни билдирамиз. Бу сўзларда уларга нисбатан бўлган муҳаббатимиз ҳам мужассам бўлади. Балки бу ўринда уни нима деб аташ эмас, қандай оҳангда аташ ҳам муҳим бўлса керак?!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top