Narrator 1 «Ниҳоят, Раббимиз билан иттифоқ бўлиб, Унинг куч-қудрати таъсирида қувватли бўлинглар. Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олиш учун, Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланингиз. Чунки бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу
қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир. Шу сабабдан ёмон кунда қаршилик кўрсата олишингиз учун, Худонинг қурол-аслаҳаларини кўтаринглар, токи бутун тадбиркорлик билан иш тутиб, ўрнингизда тура олинглар» (Эфесликларга 6:10-13).
Ушбу парчадан оз бўлса-да ҳаётнинг нима эканлиги ҳақида, айниқса имонлилар ҳаётни қандай тушунишлари кераклиги ҳақида мулоҳаза юрита оламиз. Бу оятлар – жуда ҳам муҳим оятлар.
Narrator 2 Қаранг, агар “ҳаёт нима” деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериш мумкин бўлса, юқоридаги оятлардан хулоса қилиб, биз “курашиш” деган сўзни танлаган бўлар эдик. Шундай эмасми? Ҳаёт, Каломда ёзилишича, конфликтлардан, олишишдан, курашишдан иборат. Биз буни ҳамиша ўз тажрибамизда кузатамиз. Қани эди, ҳаёт камчиликлардан холи бўлса, оғриқсиз, ташвишсиз, керагида ишлаб, керагида дам олишга имконият бўлса… Албатта яхши яшашни орзу қилиш гуноҳ эмас. Аллоҳ таоло бошдан-бош инсонларнинг бахтли яшашини хоҳлаган. Вақти келади, Худо бизга ана шундай
гўзал бахтиёр умрни яна муяссар қилади. Лекин юқоридаги оятлар унақа ҳаёт ҳақида эмас. Юқоридаги оятлар ҳозирги, шу кундаги ҳаёт ҳақида. Курашмайман, олишмайман, мен бир чеккада туравераман, деган одам ҳам, барибир курашмай иложиси йўқ.
Narrator 1 Ҳаёт гирдоби бизни доимо ўз домига тортаверади. Тинч яшайман, деган тақдирда ҳам, нимадир бўлади-ю, ҳаётимизни заҳарлаб, тинчлигимизни бузади. Бу нарсани биз ҳаммамиз биламиз. Бошимиздан ўтказганмиз. Ҳаммамиз ҳам меҳнат қилишимиз керак. Таътил кунларимиз бир кун эмас-бир кун тезда тугаб қолади. Яхши кўрган, севган одамларимизни йўқотамиз, ўлим деган нарса бизни улардан айиради. Ёлғиз қолишимиз мумкин, хоҳламаган ишларга қўл уришга тўғри келади, кимлардир кўнглимизни оғритади, касал бўлиб ётиб қоламиз. Уйимиздан, бойлигимиздан айрилишимиз мумкин. Яхши нарсаларни орзу қиламиз, лекин реал ҳаёт бизга ўз найзасини санчиб, яшашнинг осон эмаслигини ҳамиша эслатиб туради. Юқоридаги парчадан биз кўрамизки, ҳаёт ҳар доим ҳам бир хил кечмайди. Оят: “…ёмон кунда қаршилик кўрсата олишингиз учун” дейди.
Narrator 2 “Ёмон кунда” деган сўздан биламизки, демак ҳамма кунлар ҳам ёмон эмас. Баъзи кунлар яхши, баъзи кунлар ёмон. Баъзи кунлар енгил, баъзи кунлар оғирроқ. Баъзи кунлар бизни ўз ташвишлари билан эзиб ташлайди, муаммолар ечилмайдигандай туюлади. Ана шундай кунларни биз “ёмон кунлар” деб атаймиз. Бунақа пайтлар
кўпинча бир-икки кунда ўтиб кетади. Баъзан эса бир неча ҳафтага, ёки ҳатто
ойга чўзилиши мумкин. Лекин Худога шукур, бир умрга чўзилмайди. Биз ҳар
доим ҳам ташвишда юрмаймиз, ҳар доим ҳам қийналмаймиз, ҳар доим ҳам
тушкунликка тушмаймиз. Чунки Худо бизни Ўз раҳматидан узиб қўйган эмас. Агар Худонинг марҳамати бўлмаганида, ҳаётнинг ҳамма куни ёмон бўлар эди. Худонинг
марҳамати туфайли, бизга қарши бўлган ёвуз кучлар чегараланиб, бизга дам олишимиз, ўзимизга келишимиз ва хурсанд бўлишимиз учун имкониятлар берилади.