3:26

Иродали бўлишнинг 6 усули

MP3

Narrator 1 Маълумки, агар муваффақият қозона олмасак, уйда ёки ишда озгина муаммоларга дуч келсак, ҳаёт тажрибамиз бир оз панд берса, дарҳол бизни тушкун кайфият ўраб олади. Тушкунлик эса ҳеч вақт бу ноқулай вазиятдан олиб чиқолмайди. Ўзимизни ўнглаб олишнинг ягона йўли иродали ва кучли мантиқий тафаккурга эга бўлишдир. 1. Бугунги кун нафаси билан яшанг.  Ўтмишда йўл қўйган хатоларингизни, муаммоларингизни бир муддат эсдан чиқаринг. Келажагингиз бугун қўядиган қадамингизга боғлиқлигини унутманг. Сиз учун ҳар куни янги кун бошланиши кераклигини ҳис қилинг. Чунки ўз муаммоларингиз ҳақида ўйлаб, қайғурганингиз билан масала ўз ечимини топмайди, сиз эса беҳуда тушкунликка тушиш билан вақтингиз, имкониятингизни бой беришингиз мумкин. Яхшиси, ўзингизга энг ёқимли, қизиқарли бўлган машғулот билан шуғулланинг, кўнглингизга яқин инсон билан суҳбатлашинг.

Narrator 2 2. Ўзингизда ишонч ҳосил қилинг. Кўпчилик ўз-ўзига ишонмаслик оқибатида эркин қадам ташлашдан, ютқазган нарсаларини қайтадан бошлашдан воз кечади. Аммо инсондаги ўзига бўлган ишонч ҳисси кўпинча унинг мақсадга эришишига сабаб бўлади. Шундай экан, ютқазишдан чўчиманг. Чунки ҳаёт ютиш ва ютқазишдан иборат, сиз қачондир ютқазган нарсаларингиз эвазига катта нарсани ютиб олишингиз мумкин. 3. Асло асабийлашманг. Асабийлик инсоннинг тиниқ фикрлашига тўсқинлик қилади, муаммони янада чигаллаштиради. Асабни жиловлашнинг ягона йўли – асабни бузадиган ҳолатларга аҳамият бермаслик. 4. Вақтида овқатланинг. Баъзилар иш ёки шахсий муаммолар ичида қолганда иштаҳасиз бўлиб, овқатланишни унутиб қўядилар. Бу билан ўз фаолиятларини янада сусайтираётганини билмайдилар.

Narrator 1 Ўз вақтида овқатланиб организмни мўтадиллаштиради ва ҳаракатчан, фаол бўлишига, мия фаолиятини яхшилашга ёрдам беради. 5. Муаммога четдан назар ташланг. Масалан, сиз учун каттароқ ва чигал ҳисобланган муаммо бошқалар учун арзимас бўлиши мумкин. Муаммоларингизга узоқроқдан туриб разм солинг, хафа бўлишга қанчалар ҳақли эканингизни ўйлаб кўринг. «Балки бундан ҳам қийинроқ вазиятга тушиб қолишим мумкин эди-ку», деган фикр билан ҳозирги аҳволингизга нисбатан сабрли ва шукрли бўлинг. Шунда сизни қийнаган муаммо аслида ҳеч нарса эканини англайсиз. 6. Ҳаётни борлигича қабул қилинг. Баъзи кишилар ҳаётни ўзим бошқараяпман, деб ўйлайдилар. Гарчи шундай кўринса-да, аслида ҳаёт инсонни бошқаради. Доим муваффақиятга эришиб келган киши бир гал панд еса, бунинг зарбини кўтара олмайди.

Narrator 2 Сабаби, у ҳаётни борича қабул қила олмайди. Бундай кишилар доим ўз хоҳиш-истаклари амалга ошиши керак деб ҳисоблайдилар. Омад юз ўгирганида мувозанатни йўқотиб қўядилар. Ҳаётни борлигича қабул қилиш эса кунида етти бор йиқилиб, етти бор ўриндан туришни ўргатади. Ирода барчамиз учун керакли нарса. Аммо ҳамма ҳам ўзида бу кучни топа олмайди. Иродасизлик инсонни фаолликдан узоқлаштириши мумкин. Ҳаракатсиз, ғайратсиз инсон эса эртанги кунига ишона олмайди ва муваффақиятга эришиши қийин кечади. Ҳаёт синовларидан ўта олиш учун иродали бўлишимиз лозим. Ҳар бир қулаган нарсани бундан ҳам кўркамроқ қилиб тиклаш мумкинлигини ёдда тутинг ва буни уддалаш учун ўзингизга қайтадан имконият беринг. Шунда энг мустаҳкам иродага эришишингиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top