Narrator 1 Ассалому алайкум. Оилали ва айниқса фарзандли бўлгач, фарзандларимизни ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан кам қилмай вояга етказишни истаймиз. Қайсики ишга қўл урмайлик, аввало фарзандимиз фойдасини ўйлаб, унга имкониятлар яратишга уринамиз. Имкониятлар эса боланинг хоҳиш, талабидан келиб чиқиб яратилади. Фарзандингиз дўстининг қўл телефонини мақтаб, ўзиям ундан хоҳлаётганини айтди. Унинг кўнгли ўксимасин деб қимматбаҳо телефонни сотиб оласиз. Ўғлингиз дарсдан қайтаётганда дўстлари билан интернет кафега киришидан хабар топдингиз. Бунинг олдини олиш учун уйингиздаги компьютерга энг сўнгги урфдаги ўйинларни жойлаштирасиз. «Албатта, фарзандимизнинг бахти учун қўлимиздан келганини қиламиз-да», дейсизми? Тўғри, биз болажон халқмиз. Бир бурда нонини ўзи емай, фарзандига илинадиган, ҳатто бешикдаги гўдагига ҳам «сизлаб» мурожаат этадиган халқмиз.
Narrator 2 Бироқ, мана шу яратиб бераётган имкониятларимизнинг меъёридан ошиб кетаётгани фарзандимизнинг нафақат руҳиятига, балки саломатлигига ҳам ўз таъсирини ўтказаётганини ўйлаб кўрганмисиз? Телевизор ёки компьютер олдида кўп ўтирган болада камҳаракатлилик, вазннинг меъёридан ортиши, иммунитетнинг сусайиши, кўз касалликлари, муддатидан аввал балоғатга етиш, ақлий қолоқлик каби муаммолар келиб чиқади. Биз ҳам бугун болаларимизга имкониятлар яратяпмиз-у, баъзан уларнинг ҳаракатланишини чегаралаб қўймаяпмизми? Ўзимиз гоҳида уларни жисмонан заиф, касалманд қилиб қўймаяпмизми? Бугун 3-4 ёшли бола ота-онасининг мобил телефонидан фойдаланишни билади, компьютер клавишларини бошқаради. Бундан ҳатто ота-оналар «фарзандим замон билан ҳамнафас улғаяпти» деб руҳланади. Лекин ўсиш давридаги болакайни экран олдида кўп ўтириши унинг саломатлиги шикастланишини ўйлаганмисиз?
Narrator 1 Айтинг-чи, дилбандингизни замон билан ҳамнафас бўлиши унинг саломатлигидан муҳимми? Мутахассисларнинг фикрича, икки-уч ёшгача бўлган болани экранга умуман яқинлаштирмаслик, уч ёшдан беш ёшгача бўлган фарзандлар ота-она назорати остида ярим соат, 5-12 ёшдагилар бир соат, то балоғат ёшидагиларга эса 1,5 — 2 соат телевизор ва компьютер экрани қаршисида ўтириб, ундан фойланиши керак. Бу вақт меъёрларига риоя этилмаганда боланинг кўз қуввати пасайиб, нерв тизими фаолияти бузилади! Мунтазам равишда компьютердан фойдаланувчиларда кўришнинг пасайиши, эшитишнинг сусайиши, соч тўкилиши, холестерин миқдорининг ошиши, асаб тизимида бузилишлар кузатилади. Қон босими бор кишилар эса компьютер қаршисига камроқ ўтириши керак. Чунки қон босими кўтарилганда нерв томирлари торайиб, сиқилади. Экран олдида босим янаям кўтарилади.
Narrator 2 Мунтазам ўтириб ишлаш натижасида бўғимларда туз йиғилиши кучайиб, қон томир деворларини сиқади. Бу бош мияга кислород етиб боришини қийинлаштириб, бош оғриғи, органик неврологик касалликларни келтириб чиқаради. Энг асосийси, компьютер олдида кишининг бутун диққат-эътибори экранга, унда бажарилаётган ишга қаратилгани боис, кишида диққат ошиб, мия чарчайди. Шунингдек, унинг нурланиш қуввати ҳам таъсирини ўтказади. Айниқса, ишхонадаги компьютерларнинг бир-бирига ўта яқин масофада қўйилиши ходимларнинг саломатлигига хавф туғдиради. Натижада, жамоани «касалликлар колоннаси» таъқиб этади. АҚШда компьютер касалликларидан зарар кўрган ходимларнинг соғлигини тиклашга ҳар йили 100 миллиард доллардан ортиқ ҳақ тўланар экан.