3:04

Ўткир хотира сирлари

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Болалигида Ибн Сино онасидан «Нега осмон олдин катакчалардан иборат эди-ю, ҳозир ўша катакчалар йўқ?» деб сўраган экан. Бундай деб сўрашига сабаб гўдаклигида онаси ҳар хил ҳашаротлардан сақлаш мақсадида унинг юзини элак билан ёпиб қўяр экан. Кейинчалик ўша манзарани бўлғуси табиб кучли хотираси ёрдамида хотирлай билган экан. Ҳақиқатан ҳам хотиранинг имкониятлари жуда кенг. Инсон 20 мингдан 100 минггача сўзни эслаб қолиши мумкин. Масалан, машҳур компьютер дастурчиси Билл Гейтс минглаб кодларни ёддан билади, дейилади. Саркарда Александр Македонский эса аскарларини номма-ном санаб бергани ҳақида ривоятлар бор. Ўз навбатида киши хотираси жуда кўп омилларга боғлиқ эканини ҳам унутмаслик лозим. Кимдир кўрганини, кимдир эшитганини яхшироқ эслаб қолади.

Narrator 2 Шунингдек, киши хотирасида қизиққан нарсаси тезроқ ўрнашади. Баъзан эса маълум ҳиссий кечинмалар унутилган воқеаларни қайта жонлантирган ҳолатлар учраб туради. Ҳатто тил ўрганишга қобилияти йўқ, деб ҳисобланган кишилар бегона мамлакатга тушиб қолганида, хотираларидаги янги қирралар кашф этилгани ҳам тажрибаларда ўз исботини топган. Хуллас, бугунги мавзумиз инсон хотираси хусусида.
Ёши қирқдан ошган кишилар гап орасида «Хотира чатоқ-да, қаричилик энди!» деб қўшиб кетиши одатий ҳол. Аслида эса бундай эмас. Ана шу баҳонага таянадиганлар кўпинча фаол ўрганиш даври тугаганидан кейин ўрганишга иштиёқни йўқотишади ва хотирани зўр бериб ишлатмасликлари натижасида шу кўйга тушиб қолишади.

Narrator 1Ваҳоланки, хотирани чархлаш кундалик ишига айланиб қолган, ёши етмишга етган актёрлар бутун бошли матнларни қийналмасдан ёдлай олишлари барчага маълум. Германия ва АҚШ каби бир қатор хориж мамлакатларида эса, нафақага чиққандан кейин талабага айланадиган қариялар кўплаб топилади. Улар одатда ижтимоий-гуманитар факультетларга ўқишга киришади ва ёш ҳамкурслари билан баравар машғулотларни ўзлаштириб, имтиҳонлар топширишади. Демак, хотира заифлашувига ёшни сабаб қилиб кўрсатиш асоссиз баҳона. Калифорния университети тадқиқотчиси доктор Марион Даймонд мия фаолияти устида изланишлар олиб бориб «Инсоннинг қариши хотирадаги ҳужайра боғларини йўқотмайди», деган хулосага келди. Бошқа тадқиқотлар натижаси ҳам бу фикрни қўллаб-қувватламоқда.

Narrator 2 Ҳатто, агар мия давомли равишда ишлаб, таълимга йўналиб турса, ҳужайралараро боғлар зичлиги янада мустаҳкамланиши хусусида қарашлар мавжуд. Етмиш, саксон ёшли қариялар билан олиб борилган тадқиқотларда ақлий фаолиятнинг турли даврларида эътиборга лойиқ натижаларга эришиш мумкин экани исботланган.
Демак, хотиранинг заифлашувига қариликни сабаб қилиш ўринсиз. Хотира қандай шаклланади? Фанда хотиранинг табиий имкониятлари уч қисмга бўлиб ўрганилади. Булар таассурот, қайтариш ва ассоциациялар. Хотирасини кучайтиришни истаганларга мутахассислар кўпроқ қайтаришни ва ўқишни маслаҳат беришади. Шундай қилиб кўринг ва натижасини сезасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top