Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Яқинда Муқаддас Каломни варақлаб туриб, ажойиб бир парчага дуч келдим. Бу парчадан Худованднинг садоқати, меҳрибонлиги ва донолигидан яна бир бор ҳайратга тушдим. Бу парчани сиз ҳам эшитишингиз керак, деган қарорга келдим. “Худонинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш ишлари тўхтатилган эди. Форс шоҳи Доро ҳукмронлигининг иккинчи йилигача у ерда ҳеч қандай иш қилинмади. Ўша даврда Хаггей ва Иддо ўғли Закариё пайғамбарлар Яҳудо юртидаги ва Қуддусдаги яҳудийларга Исроил халқининг Худоси номидан башорат қила бошладилар. Шунда …Худонинг Қуддусдаги уйини қайта қуришга яна киришдилар. Улар буни астойдил ҳамда Худонинг иродаси билан бошлашганди. Шу сабабли ҳам кўпчилик улар томонда, энг асосийси Худонинг Ўзи улар томонда эди.
Narrator 2 Худонинг пайғамбарлари уларнинг ишини қўллаб–қувватлаб турдилар. Ўша заҳоти Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай билан Шатарбўзанай ҳамда уларнинг шериклари яҳудийларнинг олдига келиб: “Бу уйни кўтаришга, уни қайта қуришга ким сизларга ижозат берди?” деб сўрашди. Лекин яҳудий оқсоқолларга Худо назарини солган эди.”(Эзра 5 боб) Хозиргина эшитганингиз: “Лекин яҳудий оқсоқолларга Худо назарини солган эди.” деган оятга диққат қилинг. Бу оятни қандай тушунасиз? Эл орасида “Худонинг назари тушган одам” деган гап бор. Одатда бу ибора жуда омадли, нимага қўл урса иши гуллаб яшнайдиган одамга айтилади. Жуда кўпчилик Худонинг назарига тушишни, ва Унга маъқул келишни орзу қилади.
Narrator 1 Аммо бу оятдан мен бутунлай бошқа нарсани тушундим. Нимани тушунганимни эса суҳбат давомида сиз ҳам англаб оласиз. Шунинг учун Форс амалдорлари шоҳ Дорога мактуб юборишга қарор қилдилар. “Мактубга жавоб келмагунча яҳудийларни тўхтатмаймиз”, деб келишиб олдилар. Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва уларнинг шериклари шоҳ Дорога мактуб юбордилар. Мактубда мақсадлари баён этилишидан ташқари, улар берган саволларига Яҳудий оқсоқолларидан қандай жавоб олганликларини ҳам ёзганлар. “Биз Самовий Худонинг қулларимиз. Биз тиклаётган Худонинг бу уйи анча йиллар олдин Исроилнинг улуғ бир шоҳи томонидан қуриб битказилган эди.” Улар Худонинг халқи сифатида донолик билан жавоб беришаётганини англаган бўлсангиз керак.
Narrator 2 Улар гапларини давом эттириб шундай дейишди: “Лекин ота–боболаримиз Самовий Худони ғазаблантирдилар. Шунинг учун Худо уларни…Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига берди. Навухадназар бу уйни вайрон қилиб, халқни Бобилга сургун қилди. Худонинг уйидан олтин ва кумуш буюмларни олиб, Бобилдаги маъбадга олиб кетди. Лекин Бобил шоҳи Куруш…, Худонинг уйи қайта қурилсин, деб фармон чиқарди. У ҳатто Қуддусдаги Маъабадга қарашли ўша буюмларни Бобилдаги маъбаддан олиб келишни буюриб, Шашбаззар деган одамга берди. У Шашбаззарга шундай деди: “Бу буюмларни Қуддусга олиб бор. Худонинг уйини олдинги ўрнида қурдир…” Юқорида бу Худонинг иродаси бўлгани ҳақида айтганимиз ёдингиздами? Шунинг учун ҳам Худованд Ўз иродаси учун, ҳатто бегона Худо ҳақида ҳеч нарса билмайдиган инсонларни ишлатади. Ажойиб суҳбатнинг давомини кейинги суҳбатимизда кутинг.