3:20

Болаларнинг ҳаётида ибодатнинг кучи

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Суҳбат кишининг кўнглини яйратади, айниқса у кўнгил тортар инсонинг билан бўлган суҳбат бўлса. Суҳбат турлича қиёфада, турли инсонлар ўртасида бўлади. Ҳаётимиздаги ёқимли суҳбатлар бизни тинчлантиради, завқ бағишлайди, кўнгилларимизни ёзади. Аммо яна бир шундай илоҳий суҳбат борки, у бизнинг ҳаётимизда катта рол ўйнаши мумкин. Бу – Ибодат. Ибодат ҳам Худо – Яратувчимиз билан бўладиган суҳбатдир. Бу суҳбатда биз ўзимизни қандай бўлсак шундайлигимизча тутамиз. Бу суҳбатда иккиюзламачилик қилолмаймиз, қалбимиздагини, онгимиздагини яшираолмаймиз. Худовандга юрагимиздаги ҳамма нарсани тўкиб сочишимиз мумкин. Мана шу ибодат орқали ҳаётимиздаги муаммолар ҳал бўлади. Худованд бизнинг ибодатларимизни эътиборсиз қолдирмагани учун биз тинмай Унга мурожаат қиламиз. Биз аёллар оилада она ва рафиқа сифатида болаларимиз ва эримизнинг равнақи учун жавобгармиз. Болаларимизнинг тўғри тарбия олиши бизга боғлиқ. Биз уларни тарбия қилиш билан бирга улар учун ибодат қилишни ҳам унутмаслигимиз керак. Ўйлаб кўринг қайси фарзандингизда сизни қийнаётган муаммо бор? Мен ўз фарзандларим ҳақида ўйлайдиган бўлсам, ҳар бирининг ўзига яраша мени ҳам уларни ҳам қийнайдиган муаммолари борлигини кўраман. Бири ёшига яраша жавобгарликни ҳис қилмаса, иккинчисининг ўқиши борасида муаммолари бор. Шу муаммолар учун тинмай ибодат қиламан. Сиз ва мен фарзандларимиз учун ибодат қилишга мажбурмиз. Чунки Худо уларни бизнинг қўлимизга берган. Улар учун қиладиган ибодатимиз самарали бўлади. Болалар туғилган кунидан бошлаб биз уларнинг ҳаётида иштирок этамиз. Чин юракдан уларга энг яхши тилакларни билдирамиз. Болаларимизнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш биз учун қийин эмас. Ҳар сафар фарзандингизда бирор муаммони ҳис қилганингизда уларни махсус болаларингиз учун ибодат рўйхатингизга қўшиб қўйинг. Болалар учун ибодатга беэътибор бўлманг. Чунки улар ўсиб келаётган Худонинг фарзандлари. Уларни Худонинг йўлида тарбиялаб келажакда яна Унинг қўлига беришимиз учун ҳозир кўп меҳнат қилишимизга тўғри келади. Сиз фарзандларингиз атрофига ихота ўрнатишингиз учун воситалар бор, чунки Исо Масиҳ шундай деб айтган эди: «Ер юзида сизлар нимаики боғласангизлар, осмонда ҳам боғланган бўлади. Ер юзида нимаики ечсангизлар, осмонда ҳам ечилган бўлади» (Мат 18:18). Сизда она сифатида ёвузликни тўхтатиш ва эзгуликка йўл очиш учун Исо номи билан ҳукмронлик берилган. Сиз ибодат орқали Худога ҳамма нарсани – фарзандларингиз соғлом ўсишлари, мактаб дарсликларини яхши ўзлаштиришлари, ёмон одатларидан ҳалос бўлишлари, ота-онасига итоаткор бўлишлари, бошқалар билан соғлом муносабатда бўлишлари, олаётган тарбиясида мустаҳкам туришларини сўрашингиз мумкин. Буни Худо сиздан кутади. Фарзандингиз келажакда Худога муносиб хизматкор бўлиши йўлида нимаики сўрасангиз Худованд уни бажо келтиради. Фарзандингиз учун ҳатто энг кичик нарсани сўрашдан ҳам тортинманг. Ҳатто пайпоғини ҳам сўрашингиз мумкин. Худо сизни эшитади. Худонинг қандайлигини билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўринг. У ердан сиз Худо ва унинг одамлари ҳақидаги ҳақиқатлардан боҳабар бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top