Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз ўтган сафар сизлар билан болаларнинг ҳаётида ибодатнинг кучи ҳақида суҳбатлашган эдик. Бугун эса мен Лола сизлар билан эрларнинг ҳаётида ибодатнинг кучи қандайлиги ҳақида суҳбатлашаман. Болалар учун ибодат қилиш, эр учун ибодат қилишдан бир мунча осонроқ, чунки уларнинг устидан ҳукмрон шахссиз. Бир куни дугонам менга шундай деганди: «Ҳеч қачон болалар учун ибодатни канда қилма». Болаларим учун қилган ибодатларимга жавоб олгач, шундай ўйладим: «Эрим учун ибодат қилишни ҳам канда қилмаслигим керак». Шундан кейин эрим учун қизғин, астойдил ибодат қилишга қарор қилдим. Эр билан бўладиган муносабатлар, айниқса оилавий ҳаёт кулфатларини бошдан кечириш осон эмас. Эр лоқайдлиги сизни тушунмаслиги, ҳақорат қилиши, қўполлиги билан сизни жуда ғазаблантириши мумкин. У худди игна сингари юракка санчиладиган сўзларни гапиради. Ҳар сафар у учун ибодат қилганингизда, йиринглаган бу яранинг оғриғини сезасиз. Юрагингиздаги бу «игна»дан қутилмагунингизча, Худога маъқул бўладиган даражада юрагингизни Унга оча олмайсиз. Эр учун қилинадиган ибодат асло бола учун қилинадиган ибодатга ўхшамайди. Чунки сиз эрингиз учун она эмассиз. Болаларимиз устидан бизга Худо томонидан берилган ҳукмронлик мавжуд, аммо эримиз устидан ҳукмронлик берилмаган. Бироқ бизга: «душманнинг бутун куч-қудратини оёқ ости қилиш ҳукмронлиги» (Лука 10:19) ва ибодатимиз билан душманнинг режаларига қаттиқ зарба бериш иқтидори ато қилинган. Оилавий муносабатларда келиб чиқадиган кўплаб муаммолар амалда бу оилаларни тамомила йўқ қилиб ташлаш учун душман режасининг бир қисми ҳисобланади. Аммо биз шуни айтишимиз мумкин:
Ҳеч ким ва ҳеч нарса оиламни бузишига асло йўл қўймайман.
Эримни ҳақиқий йўлдан оздиришларига қараб турмайман.
Бизнинг ўртамизда кўринмас девор ўрнатишларига бефарқ қараб тура олмайман.
Узоқлашиш занги ва бир-биримизни тушунмаслик ёки ишончсиз танланган йўл бизнинг муносабатларимизни емиришига, биргаликда қурмоқчи бўлган нарсаларини бузишига йўл қўймайман.
Бизни ажратишга ундайдиган алам ва кечириш истагининг йўқлиги билан келиша олмайман.
Оиламизда бўладиган ҳар қандай салбий таъсирга қарши тура оламиз ва оиламизни сақлаш учун Худо Ўз номи билан бизга куч-қудрат ато қилишига ишонамиз. Сизда ёвузликни тўхтатиш ва эзгуликка йўл очиш учун Исо номи билан ҳукмронлик берилган. Сиз ибодат орқали Худога ҳамма нарсани – эрингиз мукаммал ҳаёт кечириши учун ҳалақит бераётган ичкиликбозлик, дангасалик, руҳий зиқлик, характер заифлиги, муроса қилаолмаслик, доимо хавотирда юриш, қўрқув ва омадсизликлар тўғрисида айтишингиз мумкин. Шу билан бирга, эрингиз буларнинг ҳаммасидан ҳалос бўлиши учун ибодат қилсангиз бўлади. Ҳар бир аёлнинг оиласида эри билан келишмовчиликлар бўлади. Баъзида энг катта келишмовчиликлар худди оиланинг барбод бўлишига олиб келадигандай туюлади. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам тушкунликка тушманг. Оилангизни сақлаб қолиш ва унинг гуллаб яшнаши учун ибодат қилинг.