Ассалому алайкум қадрдонлар, сиз ўзингизни яхши кўрасизми? Албатта «ҳа», деб жавоб берасиз. Албатта ким ўзини ёмон кўради. Ҳатто ўзимни ёқтирмайман деган аёл ҳам бирор жойи оғриса дори ичади. Бу ўзини яхши кўришидан далолат эмасми? Ибодат ҳақида гап кетар экан, биз аёллар энг аввало яқинларимиз – эримиз, болаларимиз, ота-онамиз ҳақида ибодатнинг рўйхатини тузамиз. Улар учун қандай ибодат қилиш кераклиги ҳақида ўйлаймиз. Шундай дамда бироз тўхтанг. Бошқалар учун ибодат қилишга шошилманг. Энг аввало ўзингиз учун ибодат қилинг. Ибодат қиладиган шахс сифатида ўзингизнинг Худо билан муносабатингиз яхши бўлмаса, қандай қилиб бошқалар учун ибодат қила оласиз? Руҳий ҳаётингиз тартибсиз бўлиб турган пайтда бошқалар учун ибодат қилиш истаги бўладими? Руҳий ҳаётимизни тартибга солиш учун эса бизга келадиган васвасалар учун ибодат қилишимиз керак. Душман бизнинг заиф томонларимизни билиб, тузоқ қўяди. Бундай пайтда масала бизнинг йўлимизда гуноҳ бўлишида эмас, балки гуноҳга дуч келганимизда ўзимизни қандай тутишимиздадир. Бундай пайтда ибодатни – тавсия қиламан. Ибодат восвосчининг овозини заифлаштиради, унинг ҳужумларига қаршилигимизни кучайтиради. Бизнинг синовдан ўтишимиз Худога маъқулдир, чунки У бизга марҳамат қилишни истайди. Биз танамиз истакларини эмас Унинг йўлларини танлашимиз учун Унга қанчалик ишонамиз – Худо шуни билишимизни истайди. Худога тегишли бўлиб туриб ҳам қалбимизни қўрқувлар тарк этмайди. Эримизнинг ёки фарзандларимизнинг қўрқуви ҳақида ибодат қилишдан олдин ўзимизнинг қалбимиздаги қўрқувлар ҳақида ибодат қилишимиз керак. Қалбимизда одамларга ёки бирор бир ҳодисаларга нисбатан қўрқувлар бўлмаслиги керак. Қалбимизда фақатгина биргина қўрқувга яраша жой бор – у ҳам бўлса Худога нисбатан қўрқувдир. Худодан қўрқиш бизни доноликка етаклайди. Биз ўз заифликларимизни англаган ҳолда Худо уларни қувватлантирсин дея ибодат қилишимиз керак. Аёллигимиз масаласида қандай заифликларимиз бор, эримизга ёрдам бериш учун, унга ҳозиргидан ҳам кўпроқ ёқиш учун нималар қилишимиз керак? Ëки бўлмаса оналик вазифамизни яхши адо этаяпмизми? Болаларимизга ҳар кунги руҳий озуқани, меҳрни, эътиборни бера олаяпмизми? Агар йўқ бўлса, шу ишларни қилишимиз учун бизларга нималар ҳалал бераяпти. Айнан мана шулар учун Худога ибодат қилишимиз керак. Биз аёллар учун иш эмас, оиладаги мажбуриятларимиз муҳимроқ. Оиладаги вазифаларимизни тўлиқ адо эта олсаккина кейин иш ҳақида ўйлашимиз мумкин. Иш болаларнинг тарбиясидан ҳам, эримиз билан бўладиган муносабатларимиздан ҳам муҳимроқ эмас. Агар ҳозир ўз мажбуриятимизни қўйиб, бироз пул келтирадиган ишни танласак, келажакда фарзандларимизнинг ҳаётини, тарбиясини кўриб, қилган қароримиздан афсусланишимиз тайин. Шунинг учун энг аввало ўз мажбуриятларимиз ва вазифамизни тўғри бажариш учун ибодат қилишимиз лозим бўлади. Яна эрингизва ўзингиз учун доимо соғлом ва гўзал бўлишга ҳаракат қилинг. Кундалик жисмоний машқларни канда қилманг. Доимо тоза ва муаттар бўлишга одатланинг. Бу сизнинг ҳам турмуш ўртоғингизнинг ҳам кайфиятини кўтаради.