3:42

Оналик муҳаббатига тўла юрак

MP3

«..ёш хотинлар…ўз болаларини севадиган…бўлсинлар» Титус 2:4

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Оналик – бахт. Худо томонидан берилган олий мартаба ва шарафдир. Худонинг кўнглидагидек аёл-она бўлишни истайдиган ҳар бир аёл, оиласида Худонинг иродасига кўра иш тутишга ҳаракат қилади. Художўй аёл Муқаддас Каломдаги оналикка тегишли кўрсатмаларни ўқигач, пайсалга солмай, Худонинг амрларига амал қилишни бошлайди. Онанинг қалби муҳаббатга, болаларига бўлган муҳаббатга тўла. Аммо бу муҳаббат Худонинг иродасига кўра тўғри ва соф бўлиши керак. Муҳаббат бу фарзандни севиш, уни тўғри тарбиялаш, унга Худонинг марҳамати деб қарашдир. Худонинг сиздан нима истаётганини билсангиз, юрагингизда нима етишмаётганини ҳам биласиз. Агар қалбингизда нима етишмаётганини билмасангиз, Худодан сўранг, У сизга кўрсатади. Юнон тилида муҳаббат сўзининг бир нечта кўринишлари бор. Шулардан бири «агапе»дир. Худо бизни ўз фарзандлари сифатида гуноҳларимизга, камчиликларимизга қарамай, мана шу «агапе севги» билан севади. У бизни ҳеч қандай шартсиз севади. Шубҳасизки, биз оналар ҳам ўз фарзандларимизни мана шундай илоҳий севги билан севамиз. Оналарча муҳаббат эса Юнон тилида «филео» сўзи билан берилган. Бу онанинг фарзандига бўлган муҳаббатини билдиради. Фарзандининг борлиги билан завқланадиган, уни ардоқлайдиган муҳаббатдир. Баъзида биз оналар фарзандларимиз билан завқланишни, уларни ардоқлашни унутиб қўямиз. Бирин-кетин туғилган фарзандлар, онага анча-мунча ташвиш ва муаммолар келтиради. Ҳар куни, ҳар дақиқада уларнинг ёнида бўлиш, уларга ёрдам бериш, ҳар доим улар билан бирга бўлиш бизни чарчатади. Аммо шунга қарамай, уларга ташвиш сифатида эмас, Худонинг марҳамати сифатида қарашни ўрганишимиз лозим. Муҳаббатингиз орқали фарзандингизга беришингиз мумкин бўлган нарса бу ибодатдир. Кунингизни фарзандларингиз учун ибодат қилиш билан бошланг. Бу уларни ҳам сизни ҳам Худога яқинлаштиришга хизмат қилади. Фарзандларини ардоқлайдиган она, уларнинг қорнини тўйдиради, кийинтиради, ва соғ-омон сақлайди. Аммо фақатгина боланинг ташқи муҳтожликларини қондириш билан чекланиб қолиш ярамайди. Буларни тўлиқ ва ҳақиқий муҳаббат деб бўлмайди. Кўпгина оналар нега фарзандлари уларга қулоқ солмаслигидан, ёмон хулқли бўлиб ўсаётганидан нолийдилар. Бундай оналарнинг фикрича улар фарзандларига ҳамма нарсани, овқат, кийим, яхши таълим ва шароитни берганлар. Бироқ фарзандларимиз биздан буни эмас, уйда доимо улар билан бирга хурсанд ва бахтли ҳаёт кечиришимизни истайди. Ҳолатларга қарамай улар билан завқланишимизни истайди. Фарзандини чин дилдан истайдиган ҳар бир аёл, эрта тонгданоқ, фарзандининг илк овозини эшитиши билан ибодат қилади. Бир қизалоқ катта бўлиб ёшлигидаги хотираларини дугонаси билан бўлишади. У шундай дейди: « Мен ёшлигимда мактабдан қайтаётиб дўстларим билан ўйнаш ўрнига, отамнинг дўконига боришни яхши кўрардим. Нега, мени у ерга нима етаклашини ўшанда билмасдим. Аммо энди биламан. Отамнинг мени кўриши билан чеҳрасидаги қувонч, мени кўрганлигидан хурсандлиги юзидаги таралаётган нурдан билиниб турарди. Гўёки у ҳаммага қаранглар бу менинг қизим, деётгандай бўларди.» Фарзандларимиз биздан шуни кутишади. Азиз аёллар ёш оналарга, фарзанд тарбиясига алоқадор мавзулар сизни қизиқтирса бизнинг www.najot.com сайтимизга киринг. У ердан ўзингизни қизиқтирадиган мавзуларни топишингизга аминман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top